Ижтимоий тармоқларда Россиянинг «Мир» тўлов тизимининг Ўзбекистондаги карталари эгалари банкоматлар карталарга хизмат кўрсатишни тўхтатгани ҳақида хабар беришди.

Ягона республика процессинг маркази (Uzcard бренди) «Газета.uz»га 23 сентябрь куни соат 9:00 дан бошлаб банкомат ва терминалларда «Мир» карталарига хизмат кўрсатиш тўхтатилганини тасдиқлади.

Компания Uzcard инфратузилмасида Uzcard — «Мир» кобейж карталарига (бир вақтнинг ўзида иккита тизим билан ишлайдиган карталар) нормал хизмат кўрсатилишини маълум қилди. Чекловлар фақат Ўзбекистондан ташқарида чиқарилган «Мир» карталарига, шунингдек, хориждаги Uzcard — «Мир» қўшма карталарига тегишли.

Айни пайтда Uzcard — «Мир» қўшма карталарини чиқараётган банклар бу ҳақдаги маълумотларни ўз веб-сайтларидан олиб ташлашни бошлади. 21 сентябрдан бошлаб Туронбанк, Микрокредитбанк ва Халқ банки бундай карталарни чиқариш бўлимларини олиб ташлади.

Пайшанба куни Туронбанк call-маркази «Газета.uz»га «тизимнинг техник муаммоси» билан боғлиқлигини маълум қилган, бироқ улар қачон якунланишини очиқламади.

Uzcard — «Мир» қўшма карталари ҳақидаги маълумотлар Ўзмиллийбанк, «Алоқабанк» ва «Қишлоқ қурилиш банк» сайтларида ҳамон сақланиб қолган.

Жорий ҳафта Қозоғистон, Арманистон, Туркия ва Вьетнамдаги айрим банклар АҚШ Молия вазирлигининг иккиламчи санкциялар хавфи ҳақида огоҳлантириши муносабати билан Мир карталари хизматини чеклаганди.

Ўзбекистон Марказий банки «Газета. uz»нинг бир неча бор сўровларига қарамай, ҳозирча вазиятга изоҳ бермади.