Президент Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши сессиясида иштирок этмоқда, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари нутқи аввалида иқтисодиёт ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган, кўпмиллатли Тошкент вилояти аҳлига чуқур ҳурмати ва эзгу тилакларини билдирди. Вилоят ўзининг табиий ва қазилма бойликлари, саноат ва транспорт-логистика салоҳияти, барқарор энергия таъминоти, малакали меҳнат ресурслари билан ажралиб туриши таъкидланди.

Сессияда Тошкент вилоятига ҳоким тайинлаш бўйича ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Президент 2021 йил ноябрь ойидан буён Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Мирзаев Зойир Тоирович номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этди.

Номзод бўйича муҳокамаларни бошлашдан аввал сўзни номзодга бериб, унинг 10 ой давомида вилоятда тўплаган тажрибаси ва хулосалари асосида келгусида ҳудудни жадал ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича режаларини эшитиш таклиф қилинди.

«Мен Самарқанд вилоятига ҳоким бўлиб борганимда Мирзаев молиянинг раҳбари эди. Ўша вақтда бирга ишлаб, анчагина яхши кадр эканини билганман. Ўзим тарбиялаган кадрлар ичида Зойир Мирзаев ҳам бор. Раҳбарликка келган биринчи кунларимдаёқ уни бош вазир ўринбосари қилдим, кейин Қашқадарёга жўнатдим. Мана энди Тошкент вилоятига тасдиқлаймиз», — деди Шавкат Мизиёев.

Шундан сўнг, Тошкент вилояти ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Зойир Мирзаев Тошкент вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

Маълумот учун, Зойир Мирзаев 1968 йилда Самарқанд вилояти, Жомбой туманида туғилган. 1994 йилда Тошкент молия институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Ҳоким сифатидаги иш фаолиятини 2003 йил Жомбой туманидан бошлаган. 2008−2010 йилларда Самарқанд шаҳар ҳокими, 2010−2016 йилларда эса Самарқанд вилояти ҳокими бўлган.

2018 йилнинг ноябрь ойида бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келган Зойир Мирзаев Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳокими бўлганди.

У 2019 йилнинг октябрь ойида Қашқадарё вилоят ҳокими лавозимига тайинланганди.