29 октябрь куни Ўзбекистон президенти томонидан бош вазир ўринбосари лавозимидан четлатилган Зойир Мирзаев 7 ноябрь куни Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳокимлигига тасдиқланди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, халқ депутатлари Шароф Рашидов тумани Кенгашининг вилоят ҳокими Эргаш Солиев раислигида ўтказилган навбатдан ташқари 42-сессиясида ташкилий масала кўрилди.

Вилоят маъмурияти раҳбари ўз нутқида 2016 йил декабрида Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тайинланган Сайфиддин Исмоилов фаолиятида сўнгги вақтларда сусткашлик, эътиборсизлик ҳамда қўйилган вазифаларга юзаки қараш, қўл остидагилар, туман корхона, ташкилотлари раҳбарлари ва фаолларининг фикрини инобатга олмаслик каби салбий ҳолатлар пайдо бўлганини таъкидлаб ўтди. Бу, Эргаш Солиевнинг сўзларига кўра, туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб, айрим соҳаларда оқосоқликни келтириб чиқарган.

Халқ депутатлари бир овоздан Сайфиддин Исмоиловнинг лавозимидан озод қилинишини қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг улар президент администрациясининг розилиги билан Мирзаев Зойир Тоирович номзодини Шароф Рашидов тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг 7 ноябрдаги қарорини тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, Зойир Мирзаев 2016 йил декабрида бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланган эди. 2018 йил февралига қадар бир вақтнинг ўзида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида фаолият кўрсатди. Унга қадар Самарқанд вилояти Жомбой тумани ҳокими бўлган.

Унинг президент фармони билан ишдан бўшатилишига қишлоқ хўжалиги ишларида жиддий камчиликларга йўл қўйгани сабаб бўлган эди. Фармон интернетда олти эркакнинг сув оқиб турган ариқ ичида, яна олти кишининг эса буғдой даласида кесак кўтариб тургани тасвирланган фотосуратлар тарқалганидан сўнг қабул қилинди. Ҳар икки сурт Тошкент вилоятида Зойир Мирзаев ташрифи вақтида олинган.