Ўзбекистон президенти 29 октябрь куни барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига йўл қўймаслик борасидаги жавобгарлигини ошириш тўғрисида фармон қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу фармонга мувофиқ, ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис Мирзаев Зойир Тоирович Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари лавозимидан озод этилди.

Ҳужжатда Ўзбекистон бош прокурорига қишлоқ хўжалиги ишлари чоғида йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан текшириш ўтказиш, Ўзбекистон бош вазирига, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларига мажбурий меҳнатнинг барча шакл ва кўринишларига барҳам беришга қаратилган чора-тадбирларни самарали амалга ошириш бўйича топшириқлар берилган.

Дам олиш кунлари ижтимоий тармоқларда олти эркак бошини қуйи солганча ариқдаги сувга тушиб тургани тасвирланган фотосурат тарқалди. Кейинроқ эса яна олти эркакнинг йирик кесакларни кўтариб турган бошқа тасвирлари пайдо бўлди. Ҳар икки сурат Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида туширилган. Қатор оммавий ахборот воситалари бу вақтда ҳудудда Зойир Мирзаевнинг бўлганини маълум қилди.

Фотосуратлар нафақат танқидлар марказида қолди, балки кўплаб ҳазил ва пародияларга ҳам сабаб бўлди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси душанба куни ҳодиса юзасидан текширув бошлангани ҳамда ким бўлишидан қатъи назар, барча айбдорлар жазога тортилишини маълум қилди.

Зойир Мирзаев 2016 йил декабрида бош вазир ўринбосари бўлган эди. У 2018 йил февралига қадар ушбу лавозим билан биргаликда қишлоқ ва сув хўжалиги вазири лавозимида ушбу вазирлик иккита тегишли вазирликка бўлингунга қадар фаолият кўрсатди. Аввалроқ, 2010 йилдан Самарқанд вилояти ҳокими бўлган.