Россия президенти ҳузуридаги фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш кенгаши аъзоси Кирилл Кабанов Россия фуқаролигини олганига камида 10 йил бўлган Марказий Осиё давлатлари, жумладан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари учун бир йил муддатга мажбурий ҳарбий хизматни ўташ бўйича таклифлар тайёрлаётганини маълум қилди.

Бу ҳақда у ўзининг Телеграм каналида хабар берди.

«Ҳарбий бурчни бажаришдан бош тортиш нафақат ҳарбий хизматга мажбур бўлган шахсни, балки унинг оила аъзоларини ҳам Россия фуқаролигидан маҳрум қилишга олиб келиши керак», — деди Кирилл Кабанов.

«Ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши юқоридаги давлатлар расмийлари томонидан ўз фуқароларининг МҲО (махсус ҳарбий операция — таҳр.)да ихтиёрий равишда иштирок этишини расман тақиқлашига адекват жавоб бўлади, бунинг учун улар ўз ватанида жиноий жазога дучор бўлади», — деди фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман сафарбарлик ҳолати эълон қилганди. Унинг сўзларига кўра, муддатли ҳарбий хизматга биринчи навбатда захирадаги 50 ёшгача бўлган фуқаролар жалб этилади. Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг таъкидлашича, бунинг учун 300 минг кишини ёллаш режалаштирилган. Бироқ қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонда бундай тафсилотлар, шунингдек, кимларнинг аниқ чақирилиши ҳам кўрсатилмаган.

Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни намойишларда қатнашмасликка чақирди. Ўзбекистон Бош прокуратураси хориждаги ватандошларни чет эл давлатлар қуролли кучлари сафига қўшилмаслик ва жанговар ҳаракатларда қатнашмасликка чақириб, бунинг учун жиноий жавобгарликдан огоҳлантирди.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ватандошларни хорижий давлатлар ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаслик бўйича яна бир бор огоҳлантирди ва бунинг учун жиноий жавобгарлик борлигини эслатди.

Дипломатик ваколатхона хабарига кўра, Ўзбекистон фуқаролиги тўғрисидаги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон фуқароси бўлган шахс хорижий давлатнинг фуқаролигига тегишли деб эътироф этилмайди. Президентининг фармони эълон қилинган кундан бошлаб Ўзбекистон фуқаролиги бекор қилинади.

«Шу муносабат билан, дипломатик ваколатхона Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра „ёлланиш“ — хорижий давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда ёки ҳарбий ҳаракатларда қонунга хилоф равишда қатнашиш жиноят ҳисобланиши, ушбу ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик ўн йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутишини эслатиб ўтади», — дейилади хабарда.

Элчихона Жиноят кодексининг юқоридаги моддасида назарда тутилган қонунга хилоф ҳаракатларни содир этганлиги тўғрисида холис маълумотлар мавжуд бўлган барча шахслар истисносиз жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида фуқароларни огоҳлантирди.