Россия Давлат думаси иккинчи ва учинчи ўқишда қонунчиликка хорижликларнинг Россия фуқаролигини олишини соддалаштириш бўйича ўзгартишларни қабул қилди, деб хабар беради қонун чиқарувчи орган сайти.

Ўзгартиришларга мувофиқ, «Россия Федерацияси Қуролли Кучлари, бошқа қўшинлари ёки ҳарбий тузилмаларида камида бир йил муддатга хизмат қилиш учун шартнома имзолаган чет эл фуқаролари» яшаш рухсатномасини олмасдан туриб Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олишлари мумкин.

Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳарбий шартнома бўйича камида уч йил хизмат қилиш керак, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ўзгартишларда аскар, матрос, сержант ва старшина сафларида ҳарбий хизматга кираётган чет эл фуқароси билан ҳарбий хизматни ўташ учун биринчи шартнома тузиладиган муддатни беш йилдан бир йилгача қисқартириш таклиф этилмоқда.

«Яқин келажакда Москва ҳукумати Россия Мудофаа вазирлигига чет эл фуқароларининг ҳарбий хизматга киришини ташкил қилишда ёрдам бериш учун «Сахарово»да [миграция маркази] тўлиқ инфратузилмани жойлаштиради», — дея маълум қилди Россия пойтахти мэри Сергей Собянин ўз блогида.

«Шаҳар хизматлари шартномалар тузиш фуқароларга имкон қадар қулай бўлиши учун зарур бўлган ҳамма нарсани қилади», деб ишонтирди у.

Эслатиб ўтамиз, «Перм ўлкасидаги ўзбеклар Марказий Осиё жамияти» ташкилоти раҳбари Жаҳонгир Жалолов Ўзбекистонда туғилиб, Россиянинг ушбу ҳудудида яшаётган фуқароларни Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашишга чақириб, «ўзбеклар шу ерда яшаётгани, ишлаётгани, уларнинг фарзандлари эса ўқиётганини оқлашга мажбур» эканликларини таъкидлаганди.

Мазкур хабарларга Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги муносабат билдириб, Ўзбекистон фуқароларини бундай даъватларга эргашмаслик, зиддиятли ҳудудларга бормаслик ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликка чақирди.

Агентлик шунингдек, Ўзбекистон ЖКнинг 154−1-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилганини эслатиб ўтди.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ватандошларни хорижий давлатлар ҳудудида кўнгилли батальонлар тузиш ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан огоҳлантирди, қолаверса, эхтиёткор бўлишга чақирди.