Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиш учун 15 сентябрь куни Самарқандга келди.

Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Илҳом Алиев Ҳазрати Хизр мажмуасида бўлиб, Ислом Каримов қабрига гул қўйди.

Шу куннинг ўзида Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев ўртасида учрашув ўтказилди.

Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни Самарқандга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон қадриятлари ва маънавий-маданий мероси муштарак бўлган биродар озарбайжон халқи билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини юксак қадрлашини таъкидлади.


Озарбайжон етакчиси, ўз навбатида, Ўзбекистон раҳбарига таклиф ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, стратегик шериклик муносабатлари мисли кўрилмаган юксак даражага чиққанини қайд этди.

Жорий йил стратегик шерикликни мустаҳкамлашда тарихий давр бўлгани мамнуният билан таъкидланди. Қайд этилишича, июнь ойида Озарбайжон президентининг давлат ташрифи якунлари барча даражалардаги мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилди ва амалий ҳамкорликка янги суръат бағишлади.

Парламентлараро ҳамкорлик ривожланаётгани, савдо ҳажми ошаётгани, энергетика, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, пахтачилик ва ипакчиликда қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани юқори баҳоланди.

Президентлар маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини кўрсатиб ўтди. Август ойи охирида икки мамлакатнинг маданият ва фан арбоблари Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг юксак давлат мукофотларига сазовор бўлди.

Учрашувда Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик ва амалий ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг асосий вазифалари батафсил кўриб чиқилди ва бу борадаги келгуси вазифалар белгилаб олинди. Бўлажак тадбирлар режаси, шу жумладан Самарқандда ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммити кун тартиби келишиб олинди.