14 сентябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан, Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити тадбирларида иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюрди. Уни аэропортда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.

Дастлаб Мўғулистон президенти Ҳазрати Хизр мажмуасига келиб, биринчи президент Ислом Каримов қабрига гул қўйди ва хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон ва Мўғулистон етакчилари музокараларни бошлашди. Шавкат Мирзиёев ва Ухнаагийн Хурэлсух дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан бир-бирини самимий табриклади.


Ўзбекистон-Мўғулистон муносабатларини фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Икки мамлакат президентлари жорий йил июнь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган биринчи қўшма бизнес-форум якунларини юқори баҳолади.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Бунинг учун зарор шартномавий-ҳуқуқий асосларни шакллантириш, қўшма кооперация, энг аввало, агросаноат соҳасида аниқ лойиҳа ва дастурларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Маданий-гуманитар алмашинувлар ва ҳудудлараро алоқаларни кенгайтиришдан иккала томон ҳам манфаатдор экани қайд этилди. Мўғулистон президенти Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги самарали раислигини қайд этиб, саммит муваффақиятли ўтишини тилади.

Учрашув якунида икки мамлакат ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий алоқаларга тизимли тус бериш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, Мўғулистон 2004 йилдан бери Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги кузатувчи давлат ҳисобланади.