5 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси йиғилишида давлат бюджетининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида давлат бюджетидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва оқова сув тизимини яхшилаш ишлари қилинган. Бунинг учун 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида экология ва атроф-муҳит муҳофазаси тадбирлари учун давлат бюджетидан жами 1 трлн 942 млрд сўм йўналтирилган.

Маблағлар атмосфера ҳавоси муҳофазасига, сув ва ер ресурсларини муҳофаза қилишга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси муҳофазасига, Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган экологик тадбирларга, ерларни сув ва шамол эрозиясидан сақлашга ва ерлар рекултивациясига сарфланган.

Шунингдек, кўриб чиқилган даврда республика аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва оқава сув тизимларини яхшилаш дастурларни амалга ошириш бўйича 173 та объектларга 1 трлн 131 млрд сўм маблағлар молиялаштириб берилган.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига асосан амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида 4 550 та объектлар учун 3 трлн сўм, жумладан, 4 179 та ички йўлларга 2 трлн сўм, 371 та ичимлик суви тармоқлари ва иншоотларини қуриш-таъмирлаш ишлари учун 1 трлн сўм маблағ ажратилган. Биринчи ярим йиллик якунига кўра 3 557 та объектларга қурилиш таъмирлаш ишларининг хажмидан келиб чиқиб 1 трлн 112 млрд сўм маблағ молиялаштирилган.

Йиғилишда давлат бюджети маблағлари масъул вазирлик ва идоралар томонидан ҳар доим ҳам самарали ва ўз вақтида бажарилмаслиги, ажратилган маблағлар ўзлаштирилмай қолаётгани депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлди, дейилади хабарда.

Шундан келиб чиқиб, бюджет интизомига риоя қилиш, давлат бюджети маблағларини мақсадли сарфлаш устидан назоратни мунтазам олиб бориш лозимлиги айтилди.

Йиғилишд якунида давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси юзасидан ҳисобот маъқулланди.