Ўзбекистон йўлларида 7 ой ичида 139 та ҳолат бўйича 6 млрд 132 млн сўмлик қурилиш-монтаж ишлари сифатсиз бажарилган. Бу ҳақда АОКАда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Комилжон Шамсиддинов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.

«Ўзйўлинспекция» томонидан январь-июль ойларида йўл қурилиши объектлари, сунъий иншоотлар (кўприк ва йўл ўтказгичлар) ҳамда йўл-қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши ўрганилиб, 3155 та объектда назорат ўтказилган.

Натижада 5846 та қоида бузилиш ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф этиш учун буюртмачи, пудратчи, лойиҳачи ва сақловчи ташкилотларга — 3590 та бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган 3026 та кўрсатмадаги қоида бузилишлар бартараф этилди. Қолган 564 та кўрсатманинг ижроси ҳам қатъий назоратга олинган.

Инспекция томонидан 7 ой ичида 139 та ҳолат бўйича умумий суммаси қарийб 6 млрд 132 млн сўмлик сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмини тўловдан чиқариш бўйича буюртмачиларга талабномалар киритилган. Шундан 4 млрд 203 млн сўмлик 92 та талабнома ижроси таъминланган. Яъни, шунча миқдорга баҳоланган, лекин амалда сифатсиз бажарилган қурилиш ва таъмир ишлари пудратчилар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида қайтадан бажарилган.

Йўл қурилиш обектларида қўпол қоидабузилишларга йўл қўйган ва давлат инспекторлари томонидан берилган кўрсатмаларни муддатида бартараф этмаган мансабдор шахсларга нисбатан МЖтКнинг 99- ва 147-моддаларига кўра 134 та маъмурий баённома расмийлаштирилди. Суд органларига юборилган 120 та баённома бўйича 175 млн 410 минг сўмлик жарима қўлланган.