Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги «Гузаргоҳ» масжидида 2 сентябрь куни жума намози пайтида содир бўлган террорчилик ҳаракатига ўз муносабатини билдирди.

«Бу каби қабиҳ ҳаракатлар Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашишига олиб келиши баробарида, мамлакатда узоқ муддатли ва барқарор тинчлик ҳамда миллий тотувликнинг ўрнатилишига тўсқинлик қилади», — дейилади баёнотда.

Ўзбекистон ҳалок бўлганларининг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жабрланганларнинг соғайиб кетишини тилади.

«Tolo news» портлашда камида 18 киши ҳалок бўлгани ва яна 23 киши яраланганини қайд этган. Ҳозирча ҳеч ким портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.