Мактаб дарсликларини пуллик ижарага олиш Ўзбекистон Конституциясига зиддир. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП партияси аъзоси Расул Кушербаев шундай деб ҳисоблайди.

Конституциянинг 41-моддасига биноан, ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга, давлат эса бепул умумий таълимни кафолатлайди.

«Мазкур конституциявий меъёр деганда давлат умумтаълим мактабларида таълим билан боғлиқ барча жараёнлар бепул бўлишини тушунаман. Бу ўқувчиларни дарсликлар билан таъминлашни ҳам ўз ичига олади. Шу боис мактабларда дарсликларни ижарага бериш Конституцияга зид, деб ҳисоблаймиз», — деди у.

Парламент аъзоси «Газета.uz» билан суҳбатда 1992 йилда қабул қилинган Конституциядаги таълимга оид норма бугунги кунгача ўзгармаганига ойдинлик киритди. Унинг сўзларига кўра, ижара тизимига ўтилган 2005 йилга қадар давлат мактаб ўқувчиларига дарсликларни бепул бериб келган.

«2002 ёки 2005 йилгача китоблар берилиши бепул бўлган. Ўша пайтдаги Конституцияда ҳам ўрта таълим бепул деб ёзилган эди-ку. Ўшандан келиб чиқиб дарсликлар ҳам бепул бўлган. Конституциянинг у талаби ўзгармади, ўша-ўша-ку», — дея таъкидлади у.

Қайд этиш жоизки, ижара тизими жорий этилгунга қадар китоблар (ҳозиргидек) фақат айрим тоифадаги мактаб ўқувчилари: биринчи синф ўқувчилари, Меҳрибонлик уйлари, мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари, шунингдек, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун бепул берилар эди). Дарсликлар ота-оналарга ярмаркаларда ва савдо тармоқлари орқали сотиларди.

Депутат сайловчилар унга мурожаат қилганидан сўнг ушбу масалани кўтариб чиққанини маълум қилди.

«Кимлардир мени сиёсатга қарши деб чиқишяпти. Қанақасига бу ерда сиёсатга қаршилик бор? Мен Конституцияни қандай тушунганим бўйича айтяпман. Менинг нуқтаи назарим бўйича бепул дейилган, бўлди. Ҳозир 2−3 кундан бери менга ота-оналар чиқишяпти. Битта оилада тўртта фарзанди борлар бор экан. Китобга деб 120 мингдан сўрашаётган экан. Менга: «Бермасам нима қилишади, боламни қайтариб юборишадими? Мен беролмайман. Бермасам нима бўлади, деб сўрашяпти. Мен нима деб жавоб беришни билмайман», — дейди депутат.

Расул Кушербаев соғлиқни сақлаш соҳасини ҳам мисол қилиб келтирди ва Конституцияга кўра, «ҳар ким малакали тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга"лигини эслатди.

«Давлат бир вақтнинг ўзида хусусий тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини ҳам бериб қўяяпти, бир вақтнинг ўзида давлатникини ҳам, бепул тиббий хизмат, тўғрими? Конституцияда малакали тиббий хизмат олиш ҳуқуқига эга, деб бу ёғига баъзи жойларда давлат қилиб бермайди, дейилмаяпти-ку. Умумий қоидадан келиб чиқиб, нодавлат мактабларда марҳамат — дарсликлари пулли бўладими, ижарага бериладими, фарқи йўқ, тушунарли. Лекин гап давлат мактаблари ҳақида кетяпти-ку», — дея тушунтирди депутат.

Парламент аъзоси Конституциявий суд бу масалага аралашиб, тушунтириш бериши керак, деб ҳисоблайди. Унинг ўзи кейинги ҳафтада депутатлик сўрови билан мурожаат қилишни режалаштирмоқда.

Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар Ўзбекистонда мактаб дарсликлари ижараси нархи «2−3 бараварга» қимматлашгани ва биринчи чоракдан кейингина янги китоблар чиқарилишидан шикоят қилишмоқда. ХТВ буни қоғоз нархлари ва транспорт харажатлари ошгани билан изоҳлади.

«Газета.uz» ХТВга йил охирига қадар 3, 6, 7 ва 10-синфлар учун янги дарсликларни ишлаб чиқиш топширилгани, бироқ жадвалдан илгарилаб кетилгани сабабли ўқувчилар сентябрданоқ уларни қабул қилиб олишни бошлаши ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, қоғоз нархлари ошиб кетгани боис ҳукуматга қўшимча маблағ зарур бўлмоқда.

Май ойида президент томонидан 2026 йилгача Мактаб таълимини ривожлантириш дастури тасдиқланди. Давлат мактабларига ўқув дастурларига ўзгартиришлар киритиш ва алоҳида фанлар бўйича дарсликлар танлашга рухсат берилди.