29 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан ёввойи йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни сақлашни тақиқлаш бўйича қонун лойиҳаси кўриб чиқилди, деб хабар берди парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.

Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳужжат лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Мазкур қонун лойиҳасига кўра ҳукумат томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ ёввойи йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни Давлат экология қўмитасидан бериладиган махсус гувоҳномаларсиз ўзбошимчалик билан сақлаш тақиқланиши мумкин.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда Фанлар академияси билан келишган ҳолда ташкил этиладиган махсус питомникларда сақлаш фақатгина Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган гувоҳнома асосида амалга оширилиши мумкин.

Шунингдек, юридик шахслар томонидан ёввойи йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни ҳайвонот боғлари, террариумлар, цирклар, океанарийлар, дельфинарийлар, табиий питомниклар, илмий ва ўқув мақсадлари учун илмий ва таълим ташкилотларида сақлаш ҳам Экоқўмитанинг гувоҳномаси асосида ташкил этилиши мумкин.

Мазкур қонун лойиҳаси юзасидан фракциянинг таклиф ва мулоҳазалари билдирилиб, биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрель ойида Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро уйида боқиб юрган Африка шери боласи 2019 йилда туғилган болани тишлаб олгани ҳақида хабар берган эдик. Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари ўрганиш ўтказиб, фуқарода йиртқич ҳайвонни олиб кириш ва боқиш учун рухсатнома йўқлигини аниқлаганди.