Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилоятидаги хусусий уй ҳовлисида сақланган шер боласи тишлаб олган 2019 йилда туғилган ўғил боланинг аҳволи ҳақида маълумот берди.

Аввалроқ уй эгалари сайр қилиш учун уйдан олиб чиққан ёш шер озиқ-овқат дўкони ёнида онаси ва ҳомиладор холаси билан бирга турган боланинг боши ва елкасидан тишлаб олган эди. Она фарзандини йиртқич чангалидан қутқариб олишга муваффақ бўлди.

Ҳозирда болакай Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 2-сон болалар жарроҳлик клиник шифохонасида даволанмоқда.

У шифохонага 7 апрель куни соат 18:40лар атрофида олиб келинади. Навбатчи шифокор кўригидан сўнг у «Бошнинг тепа соҳасида, ўнг елканинг тепа учлигида ва ияк қисмида тишланган жароҳатлар» ташхиси билан стационар даволаниш учун ётқизилган.

«Травматология ва нейрохирургия бўлимида шошилинч равишда барча керакли муолажалар ўтказилди, — дейди муассаса бош шифокори Д.Сабиров. -Жумладан, қутуришга қарши антирабик вакцина қўлланилиб, жароҳатларга бирламчи жарроҳлик ишловлари берилди».

Бемор муассасага олиб келинган вақтда умумий аҳволи ўрта оғирликда баҳоланган. Ҳуши жойида бўлса-да, безовта ва қўрқув аломатлари кўзга ташланган. Бош соҳаси рентген ва МСКТ текширувларидан ўтказилган.

Патологик синиш аломатлари кузатилмаган. Ёш бемор нейрохирург, неврапатолог ва педиатр каби қатор мутахассислар томонидан консультация қилинган.

Шунингдек, унда қўшимча тарзда юқори нафас йўлларининг яллиғланиши белгилари бўлгани учун кўкрак қафасининг рентгенографияси текшируви ўтказилган. Педиатр томонидан «Ўткир респиратор инфекция. Фарингобронхит» ташхиси қўйилиб, даволашни давом эттириш ва жароҳатларини назорат қилиб туриш мақсадида торакал жарроҳлик бўлимига ўтказилган.

Ҳозир болакайнинг умумий аҳволи нисбатан қониқарли. Даво муолажалари режа асосида давом эттирилмоқда. ССВ беморнинг аҳволини назоратга олган. 2-сонли клиник шифохонанинг травматология ва нейрохирургия бўлими бошлиғи Исмат Ниғматов ҳамда Республика бош рабиологи Саидворис Ғаниев томонидан беморнинг ҳолати мунтазам тарзда текшириб борилмоқда, дейилади хабарда.

Аввал хабар берилганидек, Тошкент вилояти Тошкент туманидаги уйлардан бирининг ҳовлисида 2004 йилда туғилган фуқаро Ш. А, Африка шери боласини боқиб юрган. Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан Ш. А.да йиртқич ҳайвонни олиб кириш ва боқиш учун рухсатнома йўқлиги, у шер боласини «қизиқишдан» сақлагани аниқланди. Шер боласи суд қарори чиқишига қадар Steppe turtles питомнигида вақтинчалик сақлашга жўнатилди, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.