Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида барпо этилаётган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркида (IT-Парк) дастлабки 20, 22 ва 25 қаватли бинолар ҳамда анжуманлар зали фойдаланишга топширилди. Шанба куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев улар билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари мазкур мажмуа қурилишига 2019 йил 20 ноябрда тамал тоши қўйган эди. 2020 йил октябрь ойида бу ерда дастлабки иккита бино очилди, уларда стартап-инкубация ва акселерация дастурлари ишга туширилди. Ўтган йилнинг декабрь ойида президент яна қурилиш майдонига ташриф буюрди. Сўнгра бу ерга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигини кўчириш режалари ҳақида маълум бўлди.

2019 йил июль ойида очилган IT-парк кичик бинода иш бошлади. Жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, парк резидентлари сони 750 та корхонага яқинлашди, шундан 600 га яқини Тошкентда, қолганлари эса ҳудудларда рўйхатга олинган. Йил бошида резидентлар сони 523 нафарни ташкил этар эди.

Олти ой давомида резидентлар томонидан 2,3 трлн сўмлик (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 баробар кўп) хизматлар кўрсатилди ва 53,2 млн АҚШ доллари (4,4 баробар)лик хизматлар экспорт қилинди. Йил охиригача бу кўрсаткич 100 млн доллардан ошиши кутилмоқда.

Президент «Алоқабанк» ва «Ўзбектелеком» компанияси биноларидаги шароитларни кириб кўрди. Уларнинг пастки қаватларида мижозларга хизмат кўрсатиш офиси жойлашган. Юқори қаватлар IT корхоналар учун мўлжалланган. Ертўла қисмида 3 минг автомобилга мўлжалланган 3 қаватли тураргоҳ ҳам бор. Шавкат Мирзиёев осмонўпар бинолардан бирининг томига ҳам чиқиб кўрди.

IT-паркда жами 17 та бино қурилади. Унда юқорида қайд этилган ташкилотлардан ташқари университет, хизмат уйлари, меҳмонхона, умумий овқатланиш шохобчалари, савдо дўконлари, спорт майдончаси ва дам олиш масканлари жойлашади.

Фото