11 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини бориб кўрди.

Давлат раҳбари ушбу мажмуа қурилишига 2019 йил 20 ноябрда тамал тоши қўйганди. Бу галги ташрифда бунёдкорлик ишларининг бориши кўздан кечирилди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Бугунги кунда 20−25 қаватли 6 та офис биноси қад кўтарган. Конференция зали қурилиши якуний босқичга кирган.

Таъкидланишича, бу ерда жами 17 та иморат барпо этилади. Улар 9 баллдан юқори зилзилага чидамли бўлади.


Технологик паркда IT-ташкилотлар, университет, конференция зали, коворкинг маркази ўзаро узвий фаолият олиб боради. Мажмуа ҳудудида хизмат уйлари, меҳмонхона, кафе ва ресторанлар, дўконлар, спорт майдони, дам олиш жойлари ҳам бўлади. Ер остида 3 қаватли автотураргоҳ қурилади.

Замонавий шароитлар яратилиб, етук мутахассислар тайёрланаётгани самарасида сўнгги беш йилда ахборот технологиялари соҳасида экспорт ҳажми 50 баробардан зиёд ўсгани қайд этилди.

«Ҳозирги замонда хизматларнинг катта қисми ахборот технологиялари орқали кўрсатилаяпти. Бошқа соҳаларнинг ҳам самарадорлиги шунга боғлиқ. Шунинг учун бу ердаги шароитларни кенгайтириб, замонавий IT-хабга айлантириш керак» — деди Шавкат Мирзиёев.


Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги қуйи ташкилотларни шу ерга кўчириб, банк ва IT-компанияларни жалб этиб, технопаркни яхлит комплекс тарзида ривожлантириш, соҳа вакиллари учун қулай муҳит яратиш бўйича кўрсатмалар берилгани айтилмоқда.


Давлат раҳбари шу ерда IT соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар ва тадбиркорлар билан суҳбатлашди, шунингдек, Мирзо Улуғбек туманидаги маҳаллалар раислари ҳамда туман ҳокимининг маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари билан мулоқот қилган.