Термиз давлат музей-қўриқхонасида олиб борилган ўрганишлар давомида 58 номдаги ашёлар музей фондида йўқлиги маълум бўлди, деб хабар берди Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати.

Шунингдек, 24 та экспона музейнинг кирим ва инвентар китоблари ҳамда илмий паспортларининг тавсифномаларига, ўлчами, ишланиш услуби ва яратилган даври бўйича мос келмаслиги аниқланган.

Маданий мерос агентлигининг санъатшунослик бўйича экспертининг 19 августдаги хулосаларига кўра, мазкур музейга етказилган зарар миқдори 3 млрд 466 млн сўмни ташкил этган.

Июнь-июль ойларида бош вазир ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдухакимовнинг топшириғига мувофиқ, ноёб ашёлар хатловдан ўтказилди ҳамда уларнинг сақланиши ва ҳавфсизлик ҳолати ўрганилди. Ишчи гуруҳга Вазирлар Маҳкамасининг Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси вакиллари бошчилик қилди.

Ўрганишлар Андижон ва Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейларида ҳам олиб борилди. Биринчисида 4 та, иккинчисида 9 та ашёлар қайд қилинган тавсифномаларига мос келмаслиги аниқланди. Етказилган зарар миқдори эса мос равишда 31 млн сўм ва 23,7 млн сўм экани аниқланди.

Апрель ойида Хива шаҳридаги «Ичан-Қалъа» давлат музей-қўриқхонасида ҳам ўрганишлар олиб борилганди. Ўшанда музей фондидаги ноёб деб келинган 101 та ашё кирим китобидаги тавсифномаларига ўлчами, материали, ишланиш услуби ва яратилган даври бўйича мос келмаслиги аниқланган.