22 август куни Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Корея қишлоқ бирлашмаси корпорацияси (KRC), Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ва балиқчилик соҳаларида таълимни ривожлантириш ва ахборот хизмати бўйича Корея агентлиги (EPIS) ўртасида янги лойиҳани бошлаш бўйича келишув имзоланди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Умумий қиймати 3,7 млн доллар бўлган «Йил бўйи қулупнай етиштириш бўйича замонавий Корея технологияларини жорий этиш» лойиҳаси 2026 йил декабрь ойига қадар Корея Республикаси Ҳукуматининг ривожланиш бўйича расмий кўмаги (ODA) томонидан тақдим этиладиган грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Келишувга асосан, Юқоричирчиқ туманида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агрохизматлар маркази (AKIS) ҳудудида қуёш батареяларида ишлайдиган қулупнай етиштирувчи замонавий иссиқхона қурилади.

Бундан ташқари, кореялик мутахассислар томонидан кўчатлар учун иссиқхона ҳамда юқори сифатли қулупнай кўчатларини етиштириш бўйича in vitro лабораторияси қурилиб, жиҳозланади.


Лойиҳа давомида қулупнай етиштириш бўйича мутахассисларнинг ҳар йили ўзаро ташрифлари ташкил этилиб, тажриба алмашиш ва малака ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, лойиҳа доирасида ўзбек қулупнай маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда брендинги ва маркетингига кўмаклашиш назарда тутилган.