Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 август куни «Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Ҳужжат 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи бир қатор тартиб ва талабларни бекор қилади. Улар мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани қайд этилган.

Хусусан, ер участкаларига бўлган ҳуқуқдан фойдаланиш, уй-жойга бўлган мулкий ҳуқуқларни амалга ошириш, жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган ер участкалари, бино ва иншоотлар, транспорт воситаларидан фойдаланишга, шунингдек, корпоратив муносабатларга доир чекловлар бекор қилинади.

Мулкка бўлган ҳуқуқни уни вужудга келтирган ҳужжатни бекор қилиш орқали тугатиш мумкин эмас. Агар ҳужжат ноқонуний қабул қилинган бўлса, фақат суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг қайд этишича, охирги 2,5 йилда ҳокимларнинг қарорлари билан берилган 2,5 мингдан ошиқ ер участкаларига (101 минг гектар) бўлган ҳуқуқлар уларнинг ўзи ёки юқори турувчи органлар томонидан, шу жумладан, прокурор протестлари асосида суд қарорисиз бекор бўлган.

Ердан ихтиёрий воз кечиш мулкдорнинг нотариал тасдиқланадиган аризасига асосан амалга оширилади. Энди бунинг учун ҳоким қарорини қабул қилиш талаб этилмайди. Адлия вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу масала айниқса фермерлар учун долзарб. Сўнгги 2,5 йилда 20 543 та ер участкаси (2,6 млн гектар) «ердан ихтиёрий воз кечилганлиги ҳақидаги ариза»га асосан қабул қилинган ҳоким қарори билан захирага қайтарилган.

Юридик шахс тугатилганда унинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасига бўлган ҳуқуқлари бекор қилинмайди ва ер давлат захирасига қайтариб олинмайди. Мазкур ерлар тугатилаётган юридик шахснинг муассисларига ўтади.

«Хабеас корпус» институти доирасида cуриштирувчи ва терговчининг мол-мулкни хатлаш билан боғлиқ қарорларини судда кўриб чиқиш тартибини жорий этилди. Президент Шавкат Мирзиёев олиб қўйилган мулкнинг қиймати кўпинча аниқланган зарардан юқори бўлишини таъкидлади. Масалан, сўнгги уч йилда терговчилар томонидан аниқланган зарар миқдоридан икки баравар кўп (1,5 трлн сўм) мол-мулк мусодара қилинган.

️Хусусий мулк ҳуқуқини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган ҳолатлар белгилаб берилди. Шу жумладан, эндиликда хусусий мулк объекти ва у жойлашган ҳудудга мулкдорнинг рухсатисиз кириш учун жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар қўлланиши мумкин.

Эндиликда мулкдор ёки унинг вакили ўз мулкини ҳар қандай тажовуздан ҳуқуқни бузишга мутаносиб равишда ва ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш учун зарур ҳаракатлар доирасида мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Турар жойга нисбатан мулкдор билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш талаб этилмайди. Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, охирги 2,5 йилда фуқаролик судларига шахсни турар жойдан рўйхатдан чиқариш бўйича 8 954 та даъво аризалари киритилган, шундан 7 311 таси (82 фоизи) қаноатлантирилган.

2023 йил 1 январдан «Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими» (UZKAD) кўчмас мулкка оид ягона ахборот базаси ҳисобланади. Бунда тизимдаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланади.

Агар турар жой UZKAD тизимидаги нотўғри маълумотларга ишониб харид қилинган бўлса, 3 йилдан кейин сотиб олувчидан (инсофли эгалловчи) ушбу уйни талаб қилиб олиш мумкин эмас. Дастлабки мулкдорга етказилган зарар давлат томонидан қопланиб, кейинчалик айбдордан ундирилади.

Ҳукумат ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги «снос» жамғармаларини Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика ва ҳудудий мақсадли жамғармаларга (компенсация жамғармалари) айлантирилди.

Аҳоли ва тадбиркорларга етказилган қуйидаги зарарлар компенсация жамғармаларидан тўлаб берилади:

  • давлат органи, мансабдор шахс, хусусан, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари натижасида мулкдорга етказилган, суд қарори билан аниқланган зарар;
  • кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига ноқонуний ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларнинг киритилиши натижасида унга ишониб ҳаракат қилган шахсларга етказилган зарар;
  • турар жой инсофли эгалловчидан талаб қилиб олинмаслиги натижасида унинг ҳақиқий эгасига етказилган зарар.

Судларда фуқароларга нисбатан мулкий даъволар киритишда давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари сони қисқартирилади, фуқаролар эса ўз мулкини ўзганинг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволари бўйича давлат божидан озод қилинади.

️Адлия вазирлигига эса юқорида келтирилган янги тартибларни назарда тутувчи «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

«Бу фармон устида узоқ ишланди, 3 ой ишлаб чиқишга, 5 ой вазирликлар билан келишишга сарфланди. Чунки ундаги янгиликлар жуда жиддий. Ўйлаймизки, ушбу Фармон мулк ҳуқуқини юксак қадрият сифатида давлат органлари тизимида тўлиқ рўёбга чиқаришга катта ҳисса қўшади ва мулкий ҳуқуқларнинг давлат томонидан кафолатланишига бўлган ишончни мустаҳкамлайди», — дея маълум қилди адлия вазири.