Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотидаги барча таклифларни амалга ошириш учун президент ҳузурида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши тузилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 22 августдаги мулоқот чоғида маълум қилди.

Таъкидланишича, президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаковга икки ҳафта муддатда ушбу кенгаш ишини ташкил қилиш топширилди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари Савдо-саноат палатаси ва унинг худудий бўлинмаларининг фаолияти ҳам тубдан ўзгаришини айтди.

Бундан буён, улар:

  • туман, шаҳар тадбиркорларини бирлаштириб, уларни қийнаётган муаммо ва масалаларни аниқлаш билан амалда шуғулланади;
  • ҳар бир туман ва шаҳарда илғор методикалар асосида бизнесга ўқитиш мактабларини ташкил қилади;
  • ҳоким ва бошқа ҳудудий раҳбарларга кўриб чиқиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ваколатига эга бўлади;
  • маҳаллий Кенгаш ва ҳокимлар билан ҳар ой камида икки марта танқидий муҳокамаларни ўтказади.

Шу билан бирга, Савдо-саноат палатасининг ўзига ҳам:

  • Ҳукуматга кўриб чиқиши мажбурий бўлган масала киритиш;
  • тадбиркор манфаатини кўзлаб Олий судга ариза бериш ҳамда иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриб чиқиш юзасидан шикоят киритиш ваколатлари берилади.

Савдо-саноат палатаси Ҳукумат бўйсунувидан тўлиқ чиқарилади.