Россия Ўзбекистонда Қорақалпоғистондаги июль воқеалари ва Қозоғистондаги январ воқеаларини Ғарбнинг «рангли инқилоблар» орқали демократияни тарғиб қилишга бўлган уринишлари сифатида баҳолайди, деди Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев жума куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти хавфсизлик кенгашлари котиблари йиғилишида, деб хабар берди ТАСС.

«Рангли инқилоблар ҳамон америкача демократия деб аталмиш тузумни тарғиб қилишнинг асосий воситаси бўлиб қолмоқда, ғарбликларнинг бизнинг мамлакатларда уларни гижгижлаш уринишлари мунтазам равишда кузатилмоқда. Масалан, 2020 йилда Беларусда, 2022 йил январида Қозоғистонда ва июль ойида Ўзбекистондаги Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларни биз шундай баҳолаймиз», — деди у.

Хавфсизлик Кенгаши котибининг сўзларига кўра, «бундай шароитда давлатлар — ШҲТ аъзоларининг бўлинмаслик тамойили асосида хавфсизликни мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз фаровонлиги ва тараққиёти йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва тенг ҳуқуқлиликни илгари суриш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ҳеч қачон ҳозиргичалик зарур бўлмаган».

Эслатиб ўтамиз, ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг Тошкентда бўлиб ўтган йиғилишида терроризм ва экстремизм, наркотик ва қурол-яроғ савдоси ҳамда ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда жиноятларга биргаликда қарши курашиш вазифалари муҳокама қилинди.

Аввалроқ Николай Патрушев Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиби билан бўлиб ўтган учрашувда Россия «Ғарб давлатлари ва биринчи навбатда АҚШнинг МДҲ маконида кескинлик ўчоқларини яратиш истаги»дан хавотирда эканини маълум қилганди.