Монополияга қарши курашиш қўмитаси иссиқлик энергиясини етказиб беришда монополиялар томонидан тадбиркорларнинг манфаатлари бузилаётганлиги юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушаётганлиги ҳақида хабар берди.

Қайд этилишича, Навоий вилоятида 150 гектардан ортиқ ер майдонига иссиқхоналар қурилган бўлиб, у ерда фаолият юритаётган тадбиркорларга табиий монополия субъекти ҳисобланган «Навоий ИЭС» томонидан ишлаб чиқилган 1 Гкал иссиқлик энергияси белгиланган нархларда, яъни 166,1 минг сўм эмас, балки 227,5 минг сўмдан ёки 37 фоизга қиммат нархда етказиб берилганлиги аниқланди. Бунинг натижасида жами 70 дан ортиқ тадбиркорлардан қарийб 8,0 млрд сўмлик ортиқча маблағ олиб келинган.

Мазкур масала бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини тиклаш бўйича кўрилган чоралар натижасида асоссиз ундирилган маблағларни тадбиркорларга қайтариш бўйича кўрсатмалар берилди.

Қўмитанинг ушбу қарорлари Навоий туманлараро маъмурий суди томонидан қаноатлантирилди. Бунда тадбиркорларнинг манфаатлари ҳимоя қилиниши кутилмоқда, дейилади хабарда.