Ўзбекистонда йил бошидан бери 10 нафар фуқаро куйдирги касаллигини юқтириб олганликда гумон қилинган. Бу ҳақда эпидемиолог Лола Умарова Ёшлар телеканалининг «Янги давр» дастурига берган интервьюсида маълум қилди.

«Бир нафар Юнусобод тумани аҳолисида касаллик тасдиқланди», — деди Лола Умарова. Бундан ташқари, мутахассис 2021 йилда 30 нафар фуқаро куйдиргини юқтириб олганликда гумон қилингани, шулардан 10 нафарида касаллик тасдиқланганини маълум қилди.

Мазкур хабарга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази матбуот хизмати муносабат билдирди.

16 август куни Учтепа туманининг 26-сонли оилавий поликлиникаси қошида Тошкент шаҳар ДПМлари тиббиёт ходимлари ва санитария эпидемиология хизмати мутахассисларини куйдирги касаллиги бўйича билим савияси ва амалий кўникмаларини ошириш мақсадида кўргазмали махсус тактик ўқув машқи ўтказилган.

Ушбу ўқув машқида 81 нафардан ортиқ соҳа мутахассислари қатнашди. Уларга куйдирги касаллигининг олдини олиш юзасидан эслатмалар тарқатилган.

«18 август куни „Янги давр“ информацион дастурида ҳам ушбу тактик-ўқув машқи юзасидан лавҳа намойиш этилган. Лавҳада соҳа мутахассиси томонидан берилган интервьюда куйдирги касаллигининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлари ва шаҳардаги эпидемик вазият юзасидан маълумот берилган. Мазкур маълумот ўқув-тактик машғулот учун берилганини, жорий йилда Тошкент шаҳрида куйдирги касаллиги қайд этилмаганлигини маълум қиламиз», — дейилади СЭС хабарида.

Кейинроқ, мутахассис тасдиқланмаган хабар берганлиги ҳам қайд этилди.

«Жорий йил 2 февраль куни куйдирги касаллигига гумонланиб тиббиёт муассасасига мурожаат қилган Юнусобод туманида яшовчи фуқарода чуқурлаштирилган лаборатор текширувлар натижасида хасталик ўз тасдиғини топмаган. Умуман, жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент шаҳрида бирорта куйдирги касаллигига чалиниш ҳолати қайд этилмади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, июль ўрталарида Сирдарё вилоятида яшовчи фуқаро Сибир ярасини (куйдирги) юқтириб олгани аниқланганди. Вилоят СЭС бошқармаси касаллик одамдан одамга юқмаслигини айтиб, ҳозирда эпидемиологик вазият барқарорлиги ва хавотирга ўрин йўқлигига ишонтирмоқда.

Маълумот ўрнида, куйдирги ўта хавфли касаллик ҳисобланади ва асосан йирик ва ўрта шоҳли чорва моллари, қўй, эчки, одамда ҳам учрайди. Куйдирги билан касалланган ҳайвонларни сўйиш, гўштини нимталаш, қолаверса, сув, тупроқ, чорвачилик маҳсулотлари орқали юқади.

Мутахассисларнинг фикрича, касаллик ҳайвонлардан ҳайвонлар ва одамларга юқиши кузатилган, бироқ одамдан одамга юқиши қайд этилмаган.

Одатда, касаллик шу соҳа ходимларида, яъни ҳайвонлар билан бевосита мулоқотда бўладиган кишиларда кўпроқ кузатилади. Инфекция соғлом одам организмига нафас йўллари, тери ва оғиз орқали тушиши мумкин.

Куйдирги касаллиги аксарият ҳолларда тери шаклида (98,0 — 99,0 фоиз) учрайди ва касалликнинг бу турида бемор тўлиқ тиббий даво муолажаларидан сўнг ҳеч қандай асоратсиз соғайиб кетади.

Касалликнинг септик, ичак, ўпка шакллари ҳам мавжуд бўлиб, жуда оғир кечади ва одатда ўлим билан тугайди. Касалликнинг «тери яраси» шаклидаги яра бошқа яралардан тубдан фарқ қилади:

  • яранинг оғриқсиз бўлиши (агар иккиламчи инфекция қўшилмаган бўлса);
  • яра устини кўмирга ўхшаш қора пўстлоқ қоплаши;
  • яра атрофи қизариб, шиш пайдо бўлиши;
  • баъзида ярага яқин жойлашган лимфа тугунлари яллиғланиб, катталашиши кузатилади (лимфаденит).

Шунингдек, яра атрофида пуфаксимон тошмалар пайдо бўлиши ҳам мумкин. Куйдирги яраси асосан баданнинг очиқ қисмларида (қўл, оёқ, юз, бўйин) кўпроқ учрайди.

Бундай ҳолатларда зудлик билан тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш зарур. Айрим ҳолатларда беморлар яранинг устидаги қора пўстлоқни ўткир тиғли жисмлар ёрдамида олиб ташлашга уринишади. Натижада касалликнинг тери шакли септик шаклига ўтиб, касаллик ўлим билан якун топиши мумкин.

Шу сабабли, баданда яра пайдо бўлса ва бу яранинг пайдо бўлиши касалланган молларни сўйиш, терисини шилиш, гўштини майдалаш ва ошқозон-ичакларини ҳамда калла-почасини тозалаш билан бевосита боғлиқ деб ҳисобланса, унда зудлик билан ҳудудий даволаш-профилактика муассасаларига мурожаат қилиш керак.