Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 17 август куни Кобулдаги масжидда юз берган портлаш муносабати билан баёнот берди.

«Биз чуқур қайғу билан 17 август куни Кобулдаги масжидлардан бирида шом намози вақтида содир бўлган портлаш оқибатида кўп сонли инсонлар ҳалок бўлгани ва жароҳатлангани ҳақидаги хабарни олдик», — дейилади хабарда.

«Биз террорчилик ҳаракатини кескин қоралаймиз ва ушбу ваҳший ҳаракат ташкилотчилари ва айбдорларини аниқлаш учун барча чоралар кўрилишига умид билдирамиз», — дейилади ТИВ хабарида.

Ташқи сиёсат идораси ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.

18 август куни Кобул полицияси Кобулдаги масжидда юз берган портлашда 21 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди, деб ёзади Афғонистоннинг Ariana News сайти. Полиция матбуот котиби Холид Задраннинг айтишича, портлаш оқибатида 33 киши жабрланган.