2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига 11 600 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Шундан 6 551 таси қаноатлантирилган, 4 546 таси бўйича эса тушунтиришлар берилган.

Бу ҳақда 17 август куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Таъкидланишича, 6 ой ичида 14 066 та ташкилот ва корхоналарда ўрганишлар ўтказилган ҳамда меҳнат соҳасига оид 41 150 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.


Фото: АОКА.

Ўтказилган ўрганишлар давомида қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш мақсадида иш берувчиларга 5 688 та ёзма кўрсатма ва 1 866 та тақдимнома киритилган. 5 935 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 12 млрд 57 млн сўмдан ортиқ маъмурий жарималар қўлланилган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановнинг таъкидлашича, фуқароларнинг манфаатларида суд органларига мингдан зиёд даъво аризалар киритилган. «Натижада жами 5 миллиард сўмдан ортиқ ойлик иш ҳақи ва бошқа тўловлари ундириб берилган», — деди у.

«Меҳнат ҳуқуқларига оид қонунбузилиш ҳолатлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида содир бўлмоқда. Айниқса, Қашқадарё, Самарқанд, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятларида кўрсаткич юқори», — дея қўшимча қилди вазир.