Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати «Газета.uz»нинг Қорақалпоғистондаги намойишларда ҳибсга олинганларнинг адвокатлари парламент комиссиясига тергов ҳаракатлари вақтида қийноқларга йўл қўйилгани ҳақидаги хабарига раддия берди.

Омбудсман идораси аввалроқ эълон қилган хабарда қуйидаги матн келтирилган эди: «Қорақалпоғистондаги воқеа ва ҳолатлар бўйича олиб борилаётган тергов ҳаракатлари ҳақида адвокатларнинг фикрлари ўрганилди. Хусусан, тергов ҳибсхонасида ҳимояси остидаги шахслар билан учрашиш бўйича тўсқинлик қилиш, ушлаб турилган шахсларга яқин қариндошлари томонидан йўқловлар киритиш ҳолатлари, тергов ҳаракатлари давомида қийноққа йўл қўйиш ҳолатлари бўйича ҳимоя остидагилар хусусида маълумот олинди».

Матбуот хизмати комиссиянинг ўрганиш жараёнида аниқлаган фактлари фақатгина комиссиянинг якуний хулосасида акс этиши, унгача ошкор этилмаслигини такрорлади.

«Олинган маълумотлар ошкор этилмаяпти. Чунки улар қайта текширилади, келтирилган рақамларнинг асослантирилгани ўрганилади», — дея қайд этди омбудсман идораси.

«Эслатиб ўтамиз, ёлғон ва нохолис ахборот тарқатиш аҳоли ва фуқаролар ўртасида ишончсизлик ва умидсизлик кайфиятини юзага келишига сабаб бўлишим мумкин», — дейилади хабарда.