Сирдарё вилояти марказидан Тожикистон орқали Қўқон шаҳрига автобус қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда вилоят транспорт бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Айтилишича, тез кунда Гулистон шаҳрини Тожикистон орқали Фарғона водийси билан боғловчи «Гулистон — Қўқон» вилоятлараро-шаҳарлараро йўналишида автобуслар юра бошлайди. Ушбу йўналишнинг масофаси 264,3 километр бўлиб, йўл ҳақи 50 (эллик) минг сўм атрофида бўлиши кутилмоқда.

Қатновлар ҳар икки тарафдан кунига бир марта амалга оширилади. Гулистон шаҳридан жўнайдиган автобус «Ховособод» ҳамда Фарғона вилояти яқинидаги «Андархон» чегара божхона постлари орқали Қўқон шаҳрига етиб боради.

Автобуслар Тожикистон ҳудудида йўловчиларни тушириши ва олиши мумкин эмас. Йўловчиларда эса хорижга чиқиш паспорти бўлиши талаб этилади.