8 август куни Вазирлар Маҳкамасининг «Оқила аёллар» ҳаракати фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [437-cон] қарори қабул қилинди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Ҳужжат билан Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг давлат ва унинг ҳудудий тузилмаларида доимий фаолият юритувчи «Оқила аёллар» ҳаракати жамоатчилик тузилмаси ташкил этилди.

Ҳаракатнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • жамиятда янги маънавий макон яратиш, эзгу ғоялар, миллий қадриятлар, урф-одатлар, муқаддас анъаналарни сингдиришга қаратилган тизимли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш;
  • маҳаллаларда оилаларни мустаҳкамлаш, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти, ибратли ота-она бўлишнинг аҳамияти, маърифатли жамиятни қуришда маърифатли оналарнинг ролини кенг тарғиб қилиш;
  • аёллар, айниқса, ёш қизларда оилага ва Ватанга садоқат, фидойилик, ташаббускорлик туйғуларини сингдириш, «одобли қиз» ва «маърифатли она» қиёфасини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • фарзанд, айниқса, қизлар тарбияси, оила, оналар маънавиятини юксалтириш, оилаларда китобхонлик, мутолаа маданиятини тарғиб этиш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни шакллантириш, оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
  • ёшлар ўртасида оилавий-хуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларга нисбатан ҳурмат руҳида бўлиш масалаларини ҳамда «Оила — муқаддас» тушунчасини кенг тарғиб қилиш;
  • хотин-қизларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, уларга қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқчил тилда тушинтириш.

Ҳаракат, қоида тариқасида, Қўмитада — 50 нафар, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаларида — 35−40 нафардан, туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларида — 30 нафардан фаол ва ташаббускор аёллардан иборат таркибда шакллантирилади.

Бунда туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари томонидан ҳар бир маҳаллада 15 нафар фаол ва ташаббускор аёллардан иборат ҳаракатнинг бошланғич гуруҳлари ташкил этилади. Бошланғич гуруҳ етакчиси Ҳаракат таркибига киритилган фаол ва ташаббускор аёллар ичидан очиқ овоз бериш йўли билан сайланади.

Ҳаракат ва унинг бошланғич гуруҳлари таркибига киритилган фаол ва ташаббускор аёллар «Маърифат» тарғиботчилар жамияти билан ҳамкорликда маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, фарзанд тарбияси, оила ва хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш йўналишида амалга оширган ишларининг натижадорлигига кўра жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан рағбатлантириб борилади.

Фаол ва ташаббускор аёллар фаолияти натижалари бўйича давлат мукофотлари, «Мўътабар аёл», «Маҳалла ифтихори», «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони ва бошқа эсдалик, кўкрак нишонлари, идоравий мукофотларга тавсия этилиши, шу жумладан, санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар олиши мумкин бўлади.

1 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилишда «Оқила аёллар» ҳаракатини ташкил этишни таклиф қилганди.

«Бу ҳаракат том маънода «маҳалланинг виждони»га айланиши керак. Чунки, маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз қуриб бўлмайди. Биз Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш, жамиятда янги маънавий макон яратиш ҳақида гапирар эканмиз, бу ишларни оила, оналар маънавияти билан узвий амалга оширишимиз зарур», — деган эди Шавкат Мирзиёев.