Ченнай (Ҳиндистон) шаҳрида бўлиб ўтган 44-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида ҳар бир досканинг энг яхши ўйинчиларига бериладиган индивидуал совринлар соҳиблари ҳам маълум бўлди.

Олимпиадада ўзбекистонлик спортчилар турнирдаги натижалари туфайли шахсий кўрсаткичларини яхшилади. Турнир рейтинги (кўрсаткичи) махсус жадваллар бўйича рақибларнинг ўртача рейтинги ва натижасига кўра, дастлабки рейтингни белгилаш тартибига ўхшаш тарзда аниқланади. Агар ўйинчининг ушбу турнирдаги кўрсаткичи амалдаги рейтингидан юқори бўлса, бу ўйинчи ўз рейтингини оширади, пастроқ бўлса, уни туширади. Халқаро шахмат федерациясининг шахмат рейтинги ҳар ой янгиланади ва Эло рейтинг тизимининг ҳисоблаш усулига асосланади.

Тўртинчи доскада 27 ёшли Жаҳонгир Воҳидов (2564) 8 учрашув ўтказиб, 5 тасида ғалаба қозонди, шу жумладан, Нидерландия билан ҳал қилувчи ўйинда ҳам, ва у уч бор мағлубиятсиз дуранг қайд этди (8 ўйинда 6,5 очко). Унинг кўрсаткичлари 2813 га етди, бунинг учун у олтин медаль билан тақдирланди.

ФИДЕ рейтингининг навбатдаги янгиланишида унинг кўрсаткичи 19,5 пунктга кўтарилиб, 2583 тага етиши кутилмоқда.

Иккинчи ўринни литвалик 20 ёшли Паулюс Пултиневичюс (2539), учинчи ўринни испаниялик 26 ёшли Хайме Сантос Латаса (2675) эгаллади.

Биринчи доскада 17 ёшли Нодирбек Абдусатторов 11 тур давомида саккизта ғалабага эришди, жумладан, 10-турда Ҳиндистон-2 жамоаси аъзоси Гукеш Доммаражуга қарши ўйинда муҳим ғалабани қўлга киритди, уч марта дуранг ўйнади ва бир марта мағлуб бўлди (8,5/11). Ўзбекистонлик шахматчи 2688 рейтинг билан 2803 балл кўрсаткич қайд этди. Бунинг эвазига у кумуш медални қўлга киритди. ФИДЕ рейтингининг навбатдаги янгиланишида унинг кўрсаткичи 21 поғонага — 2698 тагача, рейтингдаги ўрни эса 41 (+23) поғонага кўтарилиши кутилмоқда.

Энг яхши кўрсаткични (2867) Ҳиндистон-2 жамоасидан 16 ёшли Гукеш Доммаражу (2684) қайд этди, у 8 ғалаба, икки дуранг ва бир мағлубият натижани кўрсатди (9/11).

Учинчи ўринни жаҳон чемпиони 31 ёшли Магнус Карлсен (2864) эгаллади, у ўз рейтингидан (2803) пастроқ натижа кўрсатди. Шу билан бирга, норвегиялик атиги 9 та учрашув (7,5/9) ўтказди ва турнирнинг сўнгги кунида ўз ўрнини жамоадошига топширди. Тармоқда Карлсен кумуш медални қўлга киритиши мумкинлиги, аммо у медални Нодирбек Абдусатторовга беришга қарор қилгани қайд этилди.

Иккинчи доскада 20 ёшли Нодирбек Якуббаев (2620) 11 турда бешта ғалаба, олтита дуранг қайд этди ва бирорта ҳам мағлубиятга учрамади (8/11). Натижада, турнирдаги кўрсаткичи 2759 га етди ва бу унга бронза медали олиб келди.

Унинг ФИДЕ рейтинги 19,8 пунктга кўтарилиб, 2639,8 га етиши кутилмоқда.

Биринчи ўринни Ҳиндистон-2 жамоасидан 18 ёшли Нихал Сарин (2651 — 7,5/10), иккинчи ўринни грециялик 21 ёшли Николас Теодору (2575 — 7,5/9) эгаллади.

16 ёшли Жавоҳир Синдаров (2629) ўз рейтингидан бироз яхшироқ натижа кўрсатди ва учинчи доскада 9-ўринни эгаллади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси турнирдаги энг чиройли кийим учун ҳам мукофот олди.

Фото: Алишер Саъдуллаев.

Эслатиб ўтамиз, бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг финал баҳсида Ўзбекистон жамоаси Нидерландия терма жамоасини 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этиб, турнир чемпиони бўлди. Аёллар термаси эса 162 жамоа орасида 31-ўринни эгаллади. Президент Шавкат Мирзиёев шахматчиларни телефон орқали табриклаб, «тарихда жуда катта из қолдирганликларини» таъкидлади.