Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ченнайда (Ҳиндистон) ўтказилган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида тарихий ғалабага эришган Ўзбекистон эркаклар терма жамоасини телефон орқали табриклади. Давлат раҳбари матбуот хизмати суҳбат видеосини эълон қилди.

Президент сўнгги турда Голландия билан ҳал қилувчи ўйинда миллий терма жамоага ғалаба келтирган Жаҳонгир Воҳидов телефонда суҳбатлашди.

Шавкат Мирзиёев ўзи ва Ўзбекистон халқи номидан шахматчиларни ғалаба билан табриклади.

«Тарихимизда жуда катта из қолдирдингиз ва ўзбек миллати нималарга қодир эканлигини яна бир марта намоён этдингизлар. Мен жуда хурсандман, кайфиятимга кайфият [қўшилди]. Бутун халқимиз сизларни олқишламоқда. Ўзбекистонда бугун катта байрам», — деди президент.

Жаҳонгир Воҳидов ғалаба негизида мамлакатда амалга оширилган ислоҳотлар ётганини таъкидлади.

«Келажакда ҳам шундай ёрқин натижаларни кўрсатишга ҳаракат қиламиз», — деди у.

Президент ўзбекистонликларнинг кучли жамоалар устидан қозонган ғалабаларини таъкидлаб, Голландия устидан эришилган ғалабани кўриб қойил қолганини эътироф этди.

Давлат раҳбари, шунингдек, Ўзбекистон 2026 йилги шахмат Олимпиадаси ўтказиладиган жой сифатида бир овоздан танланганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, масъул раҳбарлар ҳозирданоқ тайёргарликни бошлайди.

«Лекин тайёргарликни сизлар бошлаб бердингизлар. Бутун жаҳон қойил қолдики, Ўзбекистонга келишдан олдин улар ҳам катта тайёргарлик кўришади. Лекин биз ундан ҳам яхши тайёргарлик кўрамиз», — деди у.

Шавкат Мирзиёев 162 жамоа орасида 31-ўринни эгаллаган Ўзбекистон аёллар терма жамоасига, шунингдек, жамоа мураббийларига ҳам миннатдорчилик билдирди.