Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида йирик миқдордаги кредит маблағлари мақсадсиз сарфланганлиги аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг хабар берди.

Тошкент вилояти Қибрай туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Д.Х. «F.L.» МЧЖ раҳбари Т.нинг ишончига кириб, МЧЖга ўғли К.Х.ни таъсисчи сифатида ишга киритган. Шу орқали корхонанинг 350 млн сўмлик ишлаб чиқариш ускуналарини ўғлининг номига ўтказиб олганлиги, 3,5 млрд сўм кредит эвазига олинган товарларни ишлаб чиқариш учун ишлатмасдан нақд пулга сотиб юбориб, кредит маблағини ўзлаштиришиш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.

Шу каби ҳолат Сурхондарё вилоятида ҳам қайд этилди. Жарқўрғон туманида «O.B.» фермер хўжалигига лимончилик фаолиятини ривожлантириш учун замонавий иссиқхона ташкил этишга 90 000 АҚШ доллари кредит ажратилган бўлган. Хўжалик раҳбари Х.М. маблағни ўзи норасмий бошқариб келган «S.T.» МЧЖга ўтказиш орқали нақдлаштириб олиб, талон-торож қилган, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.