Қирғизистон Жогорку Кенеши депутати Жанар Акаев ҳукуматдан Ўш аэропортидаги вазиятни яхшилаш ва Ўзбекистондан транзит йўловчилар учун қулайроқ шароит яратишни сўради. Бу ҳақда депутат Facebook тармоғида ёзди.

Унинг сўзларига кўра, маҳаллий таксичиларнинг Ўзбекистон фуқароларига муносабати одамни тушкунликка туширади. Шунингдек, у чегарадаги «Дўстлик» назорат пунктидаги шароитлар яхши эмаслигини таъкидлади.

Қирғизистон парламенти аллақачон бу масалани кўтарган, аммо масъул шахслар бу борада бошқа чоралар кўришмаган, деди у.

«Биз биринчи навбатда Ўзбекистон фуқароларини фуқаро, қўшни, халқ деб билишимиз керак, улар Ўшдан ўзларига хуш келгани учун учиб ўтишаётгани йўқ. Шунда чипта 150 долларга арзонроқ бўлади. Камбағал оилалар учун бу жуда катта миқдор. Бу одамлардан пул ўғирлашга йўл қўйиш мумкин эмас. Бу уларда Қирғизистонга нисбатан нафрат уйғотади. Агар иккала давлат ҳам ўтишни қийинлаштирса, президентларимиз гапирган халқлар дўстлиги қаерда қолди?», — деб ёзади депутат.

Унинг қўшимча қилишича, ҳар бир йўловчи халқаро рейслар учун 15 доллар тўлайди. Ўш аэропорти орқали ҳар ой минглаб одамлар учиб ўтади ва улардан миллионлаб доллар даромад Қирғизистон ғазнасида қолади.

Жанар Акаев терминални кенгайтириш, йўловчилар ва юкларни ташиш ва рўйхатдан ўтказиш учун шароитларни яхшилашни таклиф қилди. Депутат ўз мурожаатини Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаровга йўллади.

«Азаттык» радиосининг хабар беришича, айрим Ўзбекистон фуқаролари Ўшдаги такси ҳайдовчиларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан Қирғизистон ҳукуматига шикоят қилган. 2 август куни Telegram тармоғида тарқалган мурожаатда таксичилар Россиядан Ўшга учиб келаётган Ўзбекистон фуқароларини мажбуран машинага ўтқазиб, чегарагача 5−6 км йўл учун 500 сом (65 минг ўзбек сўми) ва ҳар бир йўловчи учун ундан ҳам кўпроқ пул тўлашга мажбурлашаётгани айтилади.

Милиция маълумотларига кўра, уларга аввалроқ ижтимоий тармоқлар орқали бу ҳақда 14 та мурожаат келиб тушган. Ҳозирда улардан 7 нафари бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, бирорта ҳам иш якунига етмаган, чунки ариза берганлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига кўрсатма беришдан бош тортмоқда. «Хорижий фуқаролар такси ҳайдовчиларининг ҳуқуқбузарликларини тасдиқловчи фактларни тақдим этишмаган. Буни исботлашнинг иложи бўлмаганлиги сабабли, оддий сўзлар сифатида қабул қилинади. Шунинг учун биз тушунтириш ишлари билан чекланишимиз мумкин холос», − деди «Азаттык» билан суҳбатда Ўш вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Аширбаев.