Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 4 август куни бўлиб ўтган 29-ялпи мажлисида «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги ва «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги қонунларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди.

Сенат матбуот хизмати хабарига кўра, эндиликда қонун билан Қорақалпоғистон ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ҳисобот беради.

Бундан ташқари, туман, шаҳар ички ишлар бўлинмаларининг бошлиқлари — ҳар чоракда, уларнинг ўринбосарлари — ҳар ойда, маҳалла ҳуқуқ-тартибот пунктларининг профилактика катта инспекторлари — ҳар олти ойда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳисоб беради.

Қолаверса, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунга маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани тўғрисидаги норма киритилмоқда. Бунда маҳалла ҳуқуқ-тартибот пунктлари ички ишлар органларининг таркибий тузилмаси ҳисобланиши белгиланмоқда. Улар жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ички ишлар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда жамоат тузилмалари билан маҳаллалар кесимида ҳамкорликда ишлайди.

Мазкур қонун «ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлиги, шунингдек уларнинг фаолиятини халқ вакиллари томонидан назорат қилиб бориш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади, қолаверса, ички ишлар органларининг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга ва уларнинг ўзаро фойдали ҳамкорлигини кенгайтиришга, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлиги соҳасида кўрилаётган чоралар самарадорлигини оширишга хизмат қилади», дейилади хабарда.