Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 4 август куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда оила кодексига киритилган ўзгартишларни рад этди. Унда никоҳни қайд этишдан олдин рўйхатга олиш идорасига ариза топширгандан бошлаб бериладиган бир ойлик муддатни бекор қилиш таклиф қилинганди.

Мазкур бир ойлик муддатни бекор қилиш таклифининг ташаббускори Адлия вазирлиги ҳисобланади. Тегишли лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига апрель ойида қўйилганди. «Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларнинг оворагарчилигига чек қўяди, ФҲДЁ ва соғлиқни сақлаш органларида қоғозбозлик, бюрократия ва коррупциявий ҳолатларни бартараф этади», — дейилганди вазирлик баёнотида.

Сенаторлар бу муддат ёш турмуш қурганларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва ажралишлар сони камайишига имкон беради деган фикрда эканликларини маълум қилишди.

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилорам Ташмухамедова қўмита 2020 йилда ушбу масала юзасидан сўров юборганини эслатиб ўтди. Тиббий кўрикдан ўтиш «оиланинг саломатлиги ва мустаҳкамлиги, бепуштлик, ирсий ва генетик касалликларнинг олдини олиш ва соғлом бола туғилиши нуқтаи назаридан муҳимдир», деди у.

«Афсус, ҳали ҳануз бу масалада ёшларнинг ва ота-оналарнинг муносабати ҳам жиддий эмас. Баъзида тиббий кўрикдан ўтмаслик ҳолатлари ҳам мавжуд. Қўмита йиғилишида ҳам қайт этганмиз, жойларда тиббий кўрик формал ўтказилади, шифокорлар, айниқса, психиатр, норкологлар етишмайди, моддий-техник базада муаммолар бор, замонавий тиббий ускуналар йўқ. Афсуски, тиббий-генетик маслаҳатлар билан бутун республика тўлиқ қамраб олинмаган», — деди у.

Унинг айтишича, Вазирлар Маҳкамаси бу муаммоларга жавоб берган, бироқ унда кўрсатилган чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмаган.

Сенатор соғлиқни сақлаш соҳасидаги раҳбарлардан бирининг маълумотларига таяниб маълум қилишича, 2021 йилда 910 минг янги чақалоқ дунёга келган бўлса (Статистика қўмитаси маълумотларида эса 905,2 минг), шундан 170 минг нафари — асоратли ҳомиладорлик билан туғилган.

«Бу деярли 20 фоиз фарзандларимиз. Демак ҳар бешинчи бола асоратли ҳомиладорлик билан туғиляпти. Ўйлайманки, бу рақамларга алоҳида эътибор қаратиш керак. Оилани қуришга тайёргарлик кўриш, оилани соғломлаштириш, тиббий маданиятни юксалтириш ниҳоятда муҳим вазифалардан бўлиши керак. Демак, ҳозирги мавжуд қонунимизнинг тўлиқ ижросини таъминлаш ва бу борада ишларимизни яна ҳам кучайтириш лозим», — деди Дилорам Ташмухамедова.

У «тезкор оила қуриш»ни назарда тутувчи ўзгартишлар тиббий кўрикка эътиборни камайтириши мумкинлигини таъкидлаб, бу борада ўзгартишларни рад этишни қўллаб-қувватлади.