Сенаторлар «Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқиб, рад қилиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.

Гап шундаки, Оила кодексининг амалдаги 13-моддасида узрли сабаблар бўлганда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат берилиши, алоҳида ҳолларда, масалан ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқа ҳолатларда никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкинлиги қайд этилган. Бироқ юқоридаги қонун билан мазкур нормалар чиқариб ташланмоқда.

Бунга сабаб эндиликда никоҳ тузиш ФҲДЁга ариза берганидан кейин бир ой ўтгач эмас, балки ариза берганидан ва белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтганидан кейин амалга оширилиши ҳақидаги ўзгартиришлардир. Аммо, никоҳ тузиш ариза берганидан ва тиббий кўрикдан ўтганидан кейин қанча муддат давомида ўтказилиши ноаниқлигича қолди.

Шунга кўра, мазкур норманинг қабул қилиниши алоҳида ҳолларда, яъни ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқа ҳолатларда никоҳни ариза берилган куннинг ўзида тузиш имкониятини чеклашга олиб келиши ва бу ўз навбатида никоҳланувчи шахсларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши мумкинлиги қайд этилди.

Шунингдек, Оила кодексининг амалдаги 17-моддасига мувофиқ никоҳланувчи шахслар 50 ёшдан ошган бўлса ва бошқа ҳолатлар мавжуд бўлганда тиббий кўрикдан ўз розилиги билан ўтказилади.

Эндиги ўзгартиришларга кўра, 50 ёшдан ошган никоҳланувчи шахслар ёки ўртада боласи (болалари) бўлган никоҳланувчи шахслар учун шунингдек, ҳомиладор аёл ва унинг туғилажак боласини ўз боласи деб тан олувчи шахс учун тиббий кўрикдан ўтиш ихтиёрий. Яъни айрим шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиши никоҳланувчиларнинг айнан ўз розилиги билан эмас, ихтиёрий равишда бўлади.

Оила кодексига киритилаётган ўзгартишда никоҳни қайд этишнинг бир ойлик муддатини бекор қилиш ҳамда никоҳ тузиш ФҲДЁга ариза берилганидан ва белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтилгандан кейин амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Бироқ, ушбу нормани киритишда таклифлар етарли даражада асослантирилмагани, шунингдек миллий ва хорижий мамлакатлар тажрибаси чуқур ўрганилиб, таҳлил қилинмагани таъкидланди.

Жумладан, қонун ташаббускорлари айрим хорижий мамлакатларда никоҳни қайд этишдаги муддатларнинг мавжуд эмаслиги ёки уларнинг қисқалигини айтган, бироқ тизим ўзаро яқин бўлган бошқа бир қатор хорижий ва МДҲ давлатларида ушбу муддатлар ҳали ҳам мавжуд.

  • Масалан, Россияда — 1 ойдан кам бўлмаган ва 12 ойдан кўп бўлмаган муддатда,
  • Арманистонда — 1 ойдан кам бўлмаган 3 ойдан кўп бўлмаган муддатда,
  • Озарбайжон ва Қозоғистонда — 1 ой муддатда ҳамда бошқа кўплаб мамлакатларда никоҳ тузишда тегишли муддатлар сақланиб қолган.

«Амалдаги норма ва қоидалар, яъни никоҳни қайд этишдаги муддатларнинг мавжудлиги никоҳдан ўтувчиларнинг ўз қарорларини пухта ўйлаб кўришларига, ёшлар томонидан шошма-шошарлик билан никоҳдан ўтишга йўл қўймасликка, уларни оилавий ҳаётга тайёрлашга, мамлакатда ажрашишлар сонининг камайишига имкон бериши мумкинлиги жиҳатидан талқин этилмоқда», — дейилади хабарда.

Юқоридагиларга асосланиб, сенаторлар қонунни рад қилиш тўғрисида қарорни қабул қилди.