Украинанинг Чугуев шаҳрида маҳаллий аҳолига палов улашиб келган 36 ёшли ўзбекистонлик Сардор Ҳакимов ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Озодлик» радиосига таяниб, «Настоящее время» нашри ёзмоқда.

«Уни бутун Чугуев танирди. Ҳамма Сардор Ҳакимовнинг ҳали тирик эканлигига охиригача умид қилганди. У доим жилмайиб турар, жуда позитив одам эди», — дейди Харьков вилояти маъмурияти раҳбари Олег Синегубов.

Маҳаллий имом Тимур Беридзенинг келтиришича, Сардор Ҳакимов отишма пайтида ертўлада бўлиб, у ерда палов пиширишга тайёргарлик кўраётган бўлган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар.

«Отишма пайтида укаси Мансур у билан бирга бўлиб, уни ёрдамга чақирган. Унинг укаси тирик, у билан ҳаммаси яхши», — дея таъкидлаган у.

Маълум бўлишича, Ҳакимов 2000 йилдан бери Луганск вилоятининг Северодонецк шаҳрида истиқомат қилган. Урушдан кейин, 2014 йилда Чугуевга кўчиб ўтган. У ерда ўзбек ошхонаси ва зираворлар дўконини очган. Россиянинг Украинага босқинидан кейин Ҳакимов оиласини Ўзбекистонга юбориб, ўзи Чугуевда қолиб, одамларга ёрдам беришни бошлаган.

Сардор Ҳакимов 25 июль куни вайроналар остидан қутқарилган Мансур Ҳакимовнинг укаси ҳисобланади.