29 июлга ўтар кечаси Москвадаги 16 қаватли уйнинг биринчи қаватидаги ётоқхонада ёнғин содир бўлди, оқибатда 8 киши вафот этди, яна 4 киши жароҳатланди. Вафот этганлар орасида икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор, деб хабар берди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.

Дастлабки маълумотларга кўра, вафот этганлар С.Н. (2003 йилда туғилган) ва А.А. (1986). Агентлик уларнинг жасадларини ватанга олиб келиш чораларини кўрмоқда.

Фото: msk1.ru.

ТАСС хабарига кўра, ёнғин ҳақидаги маълумот соат 23:47 да келиб тушган. Ёнғин Алма-Атинская кўчаси, 7-уй, ётоқхона жойлашган биринчи қаватдаги 2-бинода 150 кв. м майдонни қамраб олган. Ёнғин соат 00:47 да ўчирилган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ётоқхона 2019 йилнинг май ойида очилган. Уйнинг охирида алоҳида кириш жойи бўлиб, барча деразаларга панжара ўрнатилган. «Мосгаз» АЖ матбуот хизматининг хабар беришича, бино газлаштирилмаган.

ТАСС агентлигининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига кўра, ётоқхонага эгалик қилувчи компания уч ой аввал очилган. «СПАРК» маълумотлар базасига кўра, ётоқхонага эгалик қилган юридик шахс банкротлик ёқасида бўлган.

Тергов қўмитасининг Москва бўйича Бош тергов бошқармаси ёнғин сабабининг асосий версияси сифатида электр симларининг носозлиги кўрилаётганини маълум қилди.

ФВВнинг Москва бўйича бош бошқармаси бошлиғи в. б. Александр Румянцевнинг агентликка маълум қилишича, ўт ўчирувчиларнинг ҳаракатлари тўғри ташкил этилган. Деразаларга ўрнатилган панжаралар, ёнғин вақтида ишламай қолган сигнализация тизими одамларни қутқариб қолишга тўсқинлик қилган.

Фото: msk1.ru.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ётоқхонадан эвакуация чиқиш йўли тўсиб қўйилган. Фавқулодда хизматлар сигнални ётоқхона раҳбарияти ўчириб қўйган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

ФВВнинг хабар беришича, ётоқхонада ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши юзасидан сўнгги текшириш июнь ойида ўтказилган бўлиб, натижада еттита қоидабузарлик аниқланиб, ётоқхона раҳбариятига огоҳлантириш берилган.

Ёнғин оқибатида Россия, Беларусь ва Озарбайжон фуқаролари ҳам ҳалок бўлди, деб ёзади «Интерфакс».

Ҳодиса юзасидан РФ Жиноят кодексининг 238-моддаси 3-қисми (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш, икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлиш) билан жиноят иши қўзғатилган.