Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан йўл қурилишида миллиардлаб сўмлик маблағларнинг самарасиз ва ноқонуний сарфланиши билан боғлиқ ўнлаб ҳолатлар аниқланган. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатининг мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмиталари Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси раҳбарининг 2021 йил ва 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида автомобиль йўлларини ривожлантириш учун ажратилган маблағларнинг сарфланиши ҳолати тўғрисидаги ахборотини эшитди.

Қайд этилишича, 2021 йилда йўлларини қуриш-таъмирлаш, эксплуатация қилиш ва йўл хўжалигидаги ташкилотларни сақлаш учун давлат бюджетидан 10,1 трлн сўм ажратилган. Ҳудудий автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармаларининг 2021 йил якунлари бўйича умумий тушумлари 4,2 млрд сўмни ташкил этган бўлиб, шундан 2021 йилда 4,04 млрд сўм маблағ сарфланган.

2022 йилда 7,8 трлн сўм ажратилиши назарда тутилган. Жорий йилнинг биринчи ярмида ажратилган маблағларнинг 3,1 трлн сўми ёки йиллик режага нисбатан 41 фоизи ўзлаштирилган. Ҳудудий автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармаларининг 2022 йил биринчи ярмидаги умумий тушумлари 1,8 трлн сўмни, харажатлари 820,9 млрд сўмни ташкил этган.

Маълум қилинишича, ажратилган маблағлар эвазига ҳисобот даврида 3317,6 км дан ортиқ умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва 17,3 минг кмдан ортиқ ички йўлларда қуриш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясининг 2021−2022 йилларда йўл хўжалиги лойиҳаларида амалга оширилган қуриш-таъмирлаш ишларини ўрганишлари давомида 45 та ҳолатда 34,5 млрд сўмлик маблағлар самарасиз ва ноқонуний сарфланган. Шундан 2022 йил иккинчи чорак якуни бўйича жами 23,1 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ишлари қонунга зид равишда сарфланган.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, 2021 йил ва жорий йилнинг биринчи ярмида прокуратура органлари ҳудудий жамғармаларда жами 20 та текшириш ўтказиб, назорат тадбирларида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 6 та тақдимнома киритилган, 12 нафар мансабдор шахсга огоҳлантириш эълон қилинган, 11 нафар шахс интизомий ва 21 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 12 та жиноят иши қўзғатилган.

Мисол учун, Наманган вилояти Поп туманидаги 4Р-125 «Ғурумсарой — Хонобод — Чодак — Гулистон» автомобиль йўлининг 10−37-км қисмида лойиҳа қиймати 3 млрд сўмлик капитал таъмирлаш ишларини бажаришда «Наманган кўприклардан фойдаланиш» УК мансабдор шахслари томонидан ҳақиқатда бажарилмаган 2,5 млрд сўмлик иш ҳажмини ҳисоботларга қўшиб ёзиш орқали жамғарма маблағларини талон-торож қилингани аниқланган.

Шу билан бирга, йўл ишлари дастурлари тасдиқлангандан сўнг йил давомида уларга қўшимча объектларнинг киритилиши ҳисобига йилдан-йилга ўтувчи объектларнинг сони ва қиймати ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Ушбу объектларнинг йиллар давомида фойдаланишга топширилмаслиги ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

«Бу объектларнинг дастлабки қийматига нисбатан бир неча бор қимматлашишига, автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати пасайишига, бюджет маблағларидан самарасиз фойдаланишга ва харажатларнинг кескин ошишига олиб келмоқда», — дея қайд этилади Сенат хабарида.

Буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар ўртасида тузилган шартномаларнинг бекор қилиниши ҳолатлари ҳам кўпаймоқда, чунки йилдан-йилга ўтувчи объектларнинг қуриш жараёни давом этмоқда ва бунинг ҳисобига лойиҳа-смета ҳужжатларидаги қурилиш материалларининг нархлари бир неча бор қимматлашмоқда.

Оқибатда, объектнинг қолдиқ иш ҳажмлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари қайта ишлаб чиқилганда, объектнинг қиймати дастлабки қийматга нисбатан бир неча бор ортиб кетмоқда.

Бундан ташқари, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисобварақ фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш тизимини мажбурий тартибда жорий этиш белгиланган бўлса-да, қурилиш соҳасида ҳисобварақ-фактураларнинг тузилиши жиҳатидан фарқ қилганлиги учун қурилиш соҳасида бажарилган ишлар қоғоз шаклида қабул қилинмоқда, шунингдек, қурилиш соҳасига мос бўлмаган электрон ҳисобварақлар ҳам тўлдирилмоқда. «Бу, биринчи навбатда, қурилиш соҳасида қўшиб ёзишга, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини ноўрин ошиб кетишига, иш турлари бўйича бажарилган ишлар ҳажми бўйича ойма-ой ҳисоботларни шаклланмаслигига ва ноаниқликларга олиб келмоқда», — дейилади хабарда.

2021 йил август ойида Адлия вазирлиги автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш борасидаги барча маълумотлар жойлаштириладиган очиқ платформани ишга туширишни таклиф қилган эди. Унинг ёрдамида йўл инфратузилмасига йўналтирилган маблағларнинг сарфланишини назорат қилиш ва йўллардаги носозликлар ҳақида хабар бериш мумкин бўлади. Жорий йилнинг 1 июлидан платформа тест режимида ишга туширилиши керак эди.