28 июль куни Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Ҳиндистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Ҳиндистон қишлоқ хўжалиги ва фермерлар фаровонлиги вазири Нарендра Сингх билан музокаралар ўтказди, дея хабар қилди ИТСВ матбуот хизмати.

Учрашувда икки мамлакат сўнгги бир неча йил ичида аграр секторда савдони диверсификация қилишга муваффақ бўлганлиги, аммо ҳали ҳам фойдаланилмаётган имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Томонлар маҳаллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг икки мамлакат бозорларига ўзаро кириб бориши учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш орқали товар айирбошлаш ҳажмини ошириш зарурлиги хусусида якдил фикрга келдилар. Ўзбекистон 6 номдаги ҳинд маҳсулотларини, шу жумладан банан, манго, соя ва гуручни импорт қилиш учун фитосанитария рухсатномаларини тақдим этди. Ўз навбатида, Ҳиндистон томони узум, анор, олма, хурмо, қалампир, помидор, бодом ва тарвуз каби ўзбек агросаноат маҳсулотларига рухсат бериш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Музокараларда айрим қишлоқ хўжалиги компанияларининг инвестиция режалари билан боғлик масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, ҳозирги вақтда Ҳиндистоннинг Индо Органиcс компанияси тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига Наманган вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни йўлга қўймоқчи. Бундай технологик лойиҳаларни рўёбга чиқаришда амалий ёрдам кўрсатишга ўзаро тайёрлик билдирилди.

Учрашув якунида томонлар янги юқори даромадли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва эришилган барча келишувларни ҳаётга татбиқ этиш учун ҳамкорликни кенгайтиришда давом этишга содиқликни билдирдилар.

Ҳиндистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистондан узум, олхўри ва гилос бозорига киришни таъминлашга қарор қилганини билдирди. Нарендра Сингх, шунингдек, Ўзбекистон томонини анор, картошка, папайя ва буғдой импорти учун рухсат олишни тезлаштиришга чақирган.

Бундан ташқари, Жамшид Ходжаев Ҳиндистон қишлоқ хўжалигида яхши тажрибага эга экани, Ўзбекистон бу ҳақда билишини, жумладан, фермерларни қўллаб-қувватлашни исташини таъкидлади. «Ҳиндистон каби биз ҳам Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг йўналишини ўзгартирмоқчимиз, бунинг учун Ҳиндистондан ўрганмоқчимиз», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради Ҳиндистон вазирлиги.

Шу муносабат билан бош вазир ўринбосари тадқиқот ва ишланмаларни Ўзбекистонга ўтказиш илтимоси билан Ҳиндистон қишлоқ хўжалиги тадқиқот институтларига мурожаат қилди. У, шунингдек, Ҳиндистонда қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш тенденцияси ўсиб бораётганини юқори баҳолади ва Ҳиндистон компаниялари билан бир қаторда Ўзбекистонда ҳам худди шундай рақамлаштиришга чақирди.

ИТСВ раҳбари, шунингдек, Ҳиндистоннинг давлат томонидан бошқариладиган Минимал қўллаб-қувватлаш нархи (MSP) тизимини, тўғридан-тўғри фермердан сотиб олинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ҳукумат томонидан белгиланган нархни юқори баҳолади. Бу чора бозор нархи сарфланган харажатлардан паст бўлса ҳам, ҳар бир ҳосилдан минимал фойда олишни кафолатлаш учун кўрилган.

Музокаралар чоғида якка тартибдаги қишлоқ хўжалиги компанияларининг инвестиция режалари масалалари муҳокама қилинди. Ҳозирда Ҳиндистоннинг Indo Organics компанияси тўғридан-тўғри сармоя ҳисобидан Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш ниятида.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 10,3 фоизга ўсди ва 490 млн долларни ташкил этди, шундан 461 млн доллари Ҳиндистон экспорти ҳиссасига тўғри келади.

Президент Шавкат Мирзиёев йил бошида бўлиб ўтган «Ҳиндистон — Марказий Осиё» саммитида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, вирусолог врачлар тайёрлаш дастурини бошлаш ҳамда рақамли инновациялар, молиявий ва блокчейн технологияларни жорий қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилган эди. У Чабаҳор порти орқали Ўзбекистон ва Ҳиндистонни боғлайдиган янги йўлакни ишлаб чиқишга киришилганини маълум қилган эди.