29 июль куни ижтимоий тармоқларда юк машинаси уриб юборган тўсиқ йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган аёлга бориб теккани акс этган видео тарқалди.

Бухоро вилоят ИИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, 28 июль куни соат 10:00 ларда Ғиждувон тумани «Дегрезон» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р48 автомобиль йўлининг 272-километрида Г. С. исмли шахс Isuzu юк машинасида юк автомобилларнинг ҳаракатланишига чеклов ўрнатилган темир қувур билан жиҳозланган тўсиқни уриб юборган.

Натижада тўсиқ йўлни кесиб ўтаётган туманнинг «Улфатбиби» маҳалласида яшовчи 1954 йилда туғилган Р. З.га бориб теккан. У туман касалхонасида олиб борилган кечиктириб бўлмас тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган.

Ҳозирги кунда Ғиждувон тумани ИИБ томонидан ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.