2022 йилнинг биринчи ярмида республика бўйича жами 1429 та жиноят иши бўйича 1785 нафар мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 13 нафари республика, 195 нафари вилоят ва 1 577 нафари туман — шаҳар миқёсидаги вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритган.

Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 668,2 млрд сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Тергов жараёнида ушбу зарарнинг 599,1 млрд сўми ундирилган.

Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 1210 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириб, растрата йўли билан талон-торож қилган, 158 нафари мансаб мавқеини суиистеъмол қилган. Шунингдек, яна 129 нафари фирибгарлик, 74 нафари порахўрлик, 22 нафари мансаб сохтакорлиги, 15 нафари мансабга совуққонлик қараш, 7 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва 170 нафари бошқа жиноятларни содир этган, дейилади хабарда.

2021 йилда 2345 та жиноий иш бўйича 2804 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилганди. Бунда давлат ва жамият манфаатларига етказилган моддий зарар 900 млрд сўмдан ортиқни ташкил этганди.