Давлат солиқ қўмитаси томонидан июнь ойи учун 637 115 нафар истеъмолчига 61,9 млрд сўм миқдорида кешбэк тўланди, деб хабар берди қўмита матбуот хизмати. Шундай қилиб, йил бошидан буён 885 829 нафар фуқарога тўланган сумма 248,6 млрд сўмга етган.

ДСҚ камчиликларни бартараф этиб, истеъмолчиларга январь-май ойлари учун қайтарилмаган 732,2 млн сўм кешбэкни ҳам тўлаб берган.

Аввалроқ чеклари энг кўп рўйхатдан ўтказиладиган тадбиркорлик субъектлари рўйхати эълон қилинган эди. Унда кешбэк чекларини тақдим этиш бўйича Korzinka, Havas ва Makro савдо дўконлари етакчилик қилаётгани акс этган.

Бундан ташқари, Солиқ қўмитаси кешбэк учун чекни рўйхатдан ўтказишда фаол ҳудудлар рўйхатини ҳам эълон қилганди. Унга кўра, Тошкент шаҳри кешбэк олиш учун чекларни тасдиқлашда энг етакчи ҳудуд — 8,5 млн та чек. Кейинги ўринларда Қашқадарё (867 972 та), Фарғона (824 910 та) ва Хоразм (770 906 та) вилоятлари жойлашган. Чекни рўйхадан ўтказишда Бухоро (414 775 та), Навоий (360 660 та), Сурхондарё (287 310 та), Жиззах (282 581 та) ҳамда Сирдарё (210 618 та) вилоятлари паст кўрсаткичларни қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар банк карталарига харид суммасидан 1% кешбэк қайтарилмоқда. Шунингдек, «Газета.uz» кешбэкни қандай қайтариб олиш мумкинлиги бўйича қўлланма тайёрлаган эди.