Давлат солиқ қўмитаси томонидан истеъмолчиларга январ-апрель ойлари учун яна 1,8 млрд сўм кешбэк тўлаб берилди. Май ойида 53,8 млрд сўм кешбэк тўланди, дея хабар берди қўмита матбуот хизмати.

Май ойи учун 509 781 нафар истеъмолчи кешбэк тўловини қабул қилиб олган. Йил бошидан буён эса 673 597 нафар фуқарога 180,5 млрд сўм кешбэк тўлаб берилган.

27 июнга қадар чеклар энг кўп рўйхатдан ўтказилган тадбиркорлик субъектлари қуйидагича:

  • Anglesey food (Korzinka) — 4,9 млн та;
  • Havas food (Havas) — 2,5 mln млн та;
  • Darvoza savdo (Makro) — 1,5 млн та;
  • Inspired (Payme) — 1,2 млн та;
  • UNG Petro — 968 минг та;
  • Namangan istiqlol bog‘i — 495,7 минг та;
  • International foodchain (KFC) — 456,2 минг та;
  • Sharqona yagona savdo (Asia) — 446,7 минг та;
  • Best quality products (Tegen) — 324,9 минг та;
  • Osiyo trade biznes (OTB) — 258,7 минг та.

Аввалроқ, Солиқ қўмитаси кешбэк учун чекни рўйхатдан ўтказишда фаол ҳудудлар рўйхатини эълон қилганди. Унга кўра, Тошкент шаҳри кешбэк олиш учун чекларни тасдиқлашда энг етакчи ҳудуд бўлиб турибди — 8,5 млн та чек. Кейинги ўринларда Қашқадарё (867 972 та), Фарғона (824 910 та) ва Хоразм (770 906 та) вилоятлари жойлашди. Чекни рўйхадан ўтказишда Бухоро (414 775 та), Навоий (360 660 та), Сурхондарё (287 310 та), Жиззах (282 581 та) ҳамда Сирдарё (210 618 та) вилоятлари паст кўрсаткичларни қайд этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар банк карталарига харид суммасидан 1% кешбэк қайтарилмоқда. Шунингдек, «Газета.uz» кешбэкни қандай қайтариб олиш мумкинлиги бўйича қўлланма тайёрлаган эди.