22 июлдан Қорақалпоғистон Республикасининг туман ва шаҳарларида ҳам «Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2-мавсуми бошланди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ президентнинг 2 июлдаги [ПФ-164-сон] фармонига асосан Республика ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилгани сабабли Ташаббусли бюджет жараёнининг 2-мавсуми бошланиши кечиктирилганди. Давлат раҳбарининг яна бир фармонига асосан 21 июль куни соат 05:00 дан бошлаб муддатидан аввал тугатилди.

Вазирлик маълум қилган тартибга кўра, эндиликда Қорақалпоғистонда ҳам «Ташаббусли бюджет» жараёнларининг ҳар бир босқичи 20 кундан — жами 60 кун давом этади. Ташаббусларни қўллаб-қувватлашга давлат бюджетидан 900 млрд сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

«Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2-мавсуми:

  • 1-босқич — таклифларни илгари суриш — 15 июлдан — 3 августгача (Қорақалпоғистонда — 22 июлдан — 10 августгача);
  • 2-босқич — лойиҳаларни саралаб олиш — 4 августдан — 23 августгача (Қорақалпоғистонда — 11 августдан — 31 августгача);
  • 3-босқич лойиҳаларга овоз бериш — 24 августдан — 12 сентябргача (Қорақалпоғистонда — 30 августдан 20 сентябргача) давом этади.

Молия вазирлиги Қорақалпоғистон аҳлидан ушбу жараёнларда фаол иштирок этиш, ҳудуддаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан лойиҳаларни илгари суришни сўрамоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда «Ташаббусли бюджет» жараёнининг иккинчи мавсумига 15 июлдан старт берилди.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» мазкур платформа ва ундан фойдаланиш тартиблари ҳақида махсус қўлланма тайёрлаганди.