Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳайдовчилик гувоҳномасини масофадан туриб алмаштириш имкониятини яратиш устида иш олиб борилаётганини маълум қилди. У бу мавзусига 20 июль куни Қонунчилик палатаси мажлисида депутатлар саволига жавоб бера туриб тўхталиб ўтди (видео).

«Муддатлари 2−3 марта чўзиб берилди. Фақат вақт нуқтаи назаридан, охирига келганида навбатлар кўпайиб кетаяпти. Март-апрел ойларида шунақа ҳолат бўлганида, биз бўлди чўзилади деб эълон қилдик, кейин эртасига ҳамма яна кетиб қолди. Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришни сўраб келганлар 10−15 баробарга камайиб кетди», — деди вазир.

У аҳоли орасида тушунтиришлар олиб борилаётгани, ҳар хил воситалар, жумладан, мэмлар, мултфилмлар, рекламалардан фойдаланилаётганини таъкидлади.

«Бир йилдан кейин яна ҳудди шунақа бўлмаслиги (навбатлар кўпайиб кетмаслиги — таҳр.) учун электрон [хизмат шакли]га ўтказмоқчимиз. Битта камчилигимиз бор — гувоҳномада имзо чекиш керак, бунинг учун албатта ўзи келишига тўғри келяпти», — деди Русланбек Давлетов.

Ҳайдовчи имзоси гувоҳноманинг чап тараф, пастки қисмида.

Унинг сўзларига кўра, мазкур тизим ишга туширилса, фуқароларнинг Давлат хизматлари марказларига келиб, навбатда туришларига ҳожат қолмайди.

«Келманглар деймиз, қабул ҳам қилмаймиз. Фақат электрон равишда қабул қиламиз. Тайёрлаб туриб, ҳамманикини почта орқали юборамиз», — дея тушунтирди вазир.

Агар мазкур тизим ишга туширилмаса, эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш бўйича муаммолар тугамайди.

«Беш йилдан кейин ҳам яна шунақа бўлади. Албатта, 100 мингта, 200 мингта одам алмаштирмай қолиб кетади ва охирги кунларда келиб, ҳаммаси туриб олади. Шу [онлайн хизмат] орқали буни ечиш мумкин», — деди Адлия вазирлиги раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, жаҳон стандартларида имзо бўлиши кераклиги ҳақида талаб бор. Кўп давлатларда эса имзо йўқ, ушбу ҳолатлар ўрганилиб, Адлия вазирлиги тегишли таклифни киритиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари 2017 йилнинг октябридан бошлаб жорий этилганди. Эски «права"ларни алмаштиришни 2020 йилнинг 31 декабрида якунлаш режа қилинганди.

Бироқ, ҳукуматнинг 12 апрелдаги қарори билан эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ва «техпаспорт»ни алмаштириш муддати яна 1 йилга — 2021 йил якунига қадар узайтирилди. Бу сафар унинг муддати берилган йилига боғлиқ равишда ўзгартирилиши белгиланди — агар улар 2010 йилгача берилган бўлса, 2023 йил 31 мартгача алмаштирилиши керак.

Март ойида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги 5,7 млн ҳайдовчилик гувоҳномаси эгасидан фақат 2,6 млн нафари алмаштиргани, 3,1 млн нафари эса ҳануз янгисига алмаштирмаганини маълум қилди.

Аввалроқ, «Газета.uz» эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш бўйича қўлланма ҳам тайёрлаганди.

Видео