Тошкентда кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан жиноятчиликни жиловлаш қийин кечмоқда. Бу ҳақда 20 июль куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 67-сессиясида маълум қилинди, деб хабар берди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Депутатлар сессия давомида шаҳар ИИББ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари Муродилла Алиқориевнинг ҳибосотини тинглашган.

«Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича кенг кўламда олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамасдан жиноятчиликни жиловлаш қийин кечмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида жами 10381 та жиноят содир этилган бўлиб, уларнинг 615 таси кўча ва жамоат жойларида ички ишлар органлари хизмат олиб борадиган ҳудудларга тўғри келади. Ушбу кўрсатгичлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кам», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, доимий равишда рейдлар ўтказиб келинаётганлиги ҳам жамоат хавфсизлигини сақлашда ёрдам бермоқда.

«Тадбирлар давомида 5436 нафар фуқаро тиланчилик ва 19 749 нафар фуқаро дайдиликда гумон қилиниб, туман ИИБларига топширилди. Улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Шу билан бирга, 12 782 нафар шахсларда 13 710 та ўткир тиғли ва бошқа жисмлар аниқланиб, ўрнатилган тартибда ҳужжатлаштирилди, уларнинг 2868 нафарига маъмурий тартибда чора кўрилди, қолган 9914 нафари билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Депутатлар шунингдек, пойтахт ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Рустам Мақсудхўжаевнинг ҳам ҳисоботини тинглашди.

Таъкидланишича, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларга қарамасдан 413 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. «Оқибатда 377 нафар фуқаро тан жароҳати олган, 36 нафари вафот этган», — дейилади хабарда.

Сабаблари ўрганилганда, пиёдалар иштирокидаги ҳодисалар жами ҳолатларнинг 56,4 фоизини ташкил этади, 20 фоизи эса пиёдаларнинг қатнов қисмини белгиланмаган жойидан кесиб ўтишлари оқибатида содир бўлган. Ҳодисаларнинг 48,6 фоизи ҳайдовчиларнинг тезликни оширганлиги сабабли рўй берган.

Аввалроқ, мазкур сессияда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Муродилла Алиқориев пойтахтда ёшлар орасида трамадол ва бошқа психотроп моддаларни истеъмол қилиш ҳолатлари жуда кўпайганини таъкидлагани ҳақида ёзгандик. Унинг сўзларига кўра, дорилар асосан мамлакатга айланма йўллар орқали кириб келмоқда ва «қора бозор»да сотилмоқда.