Ҳозирги вақтда Тошкент шаҳрида психотроп моддаларни истеъмол қилиш ҳолатлари ўтган йилларга қараганда кўпаймоқда. Бу ҳақда 19 июль куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 67-сессиясида шаҳар ИИББ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари Муродилла Алиқориев маълум қилди.

«2012−2013 йилларда трамадол ва бошқалар психотроп моддалар қаторига киритилмаганди. Бу нарсани айниқса ёшлар орасида истеъмол қилиш кўпайиб кетган эди. Ҳозирги тенденция ҳам жуда кўпайган… Бу яширадиган нарса эмас. Камайди десам нотўғри бўлади», — деди Муродилла Алиқориев.

ИИББ бошлиғи ўринбосари тақиқланган моддалар мамлакатга қўшни давлатлардан айланма йўллар орқали кириб келаётганини айтди.

Муродилла Алиқориев. Фото: Видеодан лавҳа.

«Айланма йўллар орқали кириб келаётгани, «қора бозор»да ноқонуний сотилаётгани ушланаяпти, бу ҳали ҳам давом этаяпти», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари Тошкент шаҳри ва вилоятида кучли таъсир қилувчи дорилар савдоси билан шуғулланишда гумонланган 9 нафар шахсни ҳибсга олгани ҳақида ёзгандик. Уларнинг олдидан 34 млн сўмлик 1351 дона дори воситаси топилган.