20 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг XXXI сессиясида депутатлар Ўзбекистон президентига мурожаат йўллаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

ЖК матбуот хизмати хабар беришича, республика парламенти 2 июлдан бошлаб бир ой муддатга жорий этилган фавқулодда ҳолатни юмшатишни сўради.

Аввалроқ, «Янги Ўзбекистон» газетаси мурожаатда фавқулодда ҳолатни бекор қилиш сўралгани ҳақида хабар берганди. Бундан ташқари, халқ вакиллари оммавий тартибсизликларни содир этганликда гумонланган айбсиз фуқароларни, хусусан, ёшларни афв этишни сўрагани айтилганди. Айни вақтда мазкур хабар таҳрирланган.

Расмий маълумотларга кўра, июль ойи бошидаги воқеалари оқибатида расман 21 киши ҳалок бўлди ва 274 киши эса жароҳатланди, бироқ, неча киши ҳибсда қолаётгани маълум қилинмади.

Воқеалардан сўнг 500 дан ортиқ фуқаро ҳибсга олингани, уларнинг кўпчилигига маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, қўйиб юборилаётгани айтилганди.

Ҳозирда Қорақалпоғистонда 1−2 июль воқеаларини ўрганиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишини аниқлаш бўйича парламент комиссияси иш олиб бормоқда. Унга омбудсман Феруза Эшматова раҳбарлик қилмоқда.

Республикада ҳануз интернетга кириш чекланган. Нукус аҳолиси интернет ҳар куни қисқа вақтга ёқилаётганини маълум қилди.