17 июлдан бери давом этаётган аномал иссиқ кунлардан 20 июль соат 06:00 га қадар Республика тез тиббий ёрдам хизматига жами 130 115 та чақириқ келиб тушди. Бу ҳақда ССВ Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тез тиббий ёрдам хизматини мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази раҳбари Давлатбек Юлдашевнинг сўзларига таяниб хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, мурожаатчиларнинг 23 421 нафарини қон босими кўтарилиши, нафас етишмовчилиги, астма хуружлари ва бошқа сурункали касалликлари бўлган беморлар ташкил этди. Уларнинг 4215 нафари эса госпитализация қилинди.

«Қолаверса, ушбу саналарда Тошкент шаҳар „103“ хизматига жами 11 821 та чақириқ келиб тушган. Мурожаатларнинг 4235 нафарини қон босими кўтарилиши, нафас қисиши, астма ва бошқа касалликлар бўйича беморлар ташкил этди. Уларнинг 2185 нафари эса даволаниш учун шифохоналарга ётқизилган», — дейилади хабарда.

ССВ ҳозирда жазирама ҳаво кузатилаётгани боис Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати йўлга қўйилганини маълум қилди. Мамлакатдаги 1010 та поликлиника, 923 та оилавий шифокор пунктида патронаж хизматлари кучайтирилиб, сурункали касалликларга чалинган ётоқ шароитидаги беморларга ўз вақтида зарур тиббий ёрдам кўрсатилаётганини келтирди. Шунингдек, республикада 2762 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқларни қабул қилади.

Вазирлик зарурат бўлмаса, аҳолидан жазирама пайти ташқарига чиқмасликни, тез-тез суюқлик ичиш, имкон қадар ёғли, дудланган таомлар тановул қилмаслик, аксинча, кўпроқ мева ва сабзавотлар истеъмол қилишни тавсия этди.