Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 июль куни расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвилини қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, учрашувда икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликка доир, энг аввало, транспорт ва логистика, савдо, саноат кооперацияси соҳаларида қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суриш истиқболлари кўриб чиқилди.

Грузия ҳукумати матбуот хизматининг ёзишича, учрашувда «Грузия Ўзбекистонни нафақат муҳим ва ишончли ҳамкор, балки дўст сифатида ҳам кўриши» таъкидланган.

Ираклий Гарибашвили Шавкат Мирзиёевга Грузия суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.

Фото: Грузия ҳукумати матбуот хизмати.

«Транзит салоҳиятини, шу жумладан мамлакатимиз юкларини ташишда Поти ва Батуми портлари инфратузилмасини самарали ишга солиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон ва Грузия ҳудудидаги эркин саноат зоналарида яратилган қулай шароитларни ҳисобга олган ҳолда тўқимачилик, электротехника, озиқ-овқат, фармацевтика ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Бундан ташқари, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш ва сайёҳлар оқимини оширишдан иккала томон ҳам манфаатдор экани қайд этилди, дейилади расмий релизда.

Икки томонлама Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.

Аввалроқ, Ўзбекистон ва Грузия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2022−2024 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури имзолангани ҳақида ёзгандик. Унда шунингдек, Ўзбекистон логистика марказлари ва Грузия денгиз портларидан товарларни экспорт қилиш ва импорт қилишда самарали фойдаланиш, юкларни ташишда ўзаро аснода чегирмалар ва имтиёзлар бериш, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни боғлайдиган транспорт йўлаклари тизимини яратиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилганди.

Маълумот ўрнида, Батуми порти ташкил этилиши узоқ тарихга бориб тақалади. Аввалига фақат нефть маҳсулотлари ташувини амалга оширган портга 1878 йилдан бошлаб 7 йил муддатга эркин порт (порто-франко — товарларни божсиз олиб кириш ва 'кспорт қилиш ҳуқуқи) мақоми берилган. 1885 йилдан эса уни келгусида ривожлантириш дастури ишга туширилган.

Ҳозирги вақтда портда 5 та терминал ва 11 та кема тўхташ нуқталари фаолият юритади. Йилига порт орқали 18 млн тоннагача юк ўтказиш имконияти мавжуд. Порт флоти эса 13 та кемадан иборат. Портдан Қора денгиз орқали Туркия, Украина, Руминия, Болгария, Молдова давлатларига чиқиш имконияти мавжуд. Тошкентдан Грузия пойтахтигача бўлган масофа эса қуруқлик (Туркманистон ва Эрон) орқали тахминан 3,6 минг кмни ташки қилади. Поти порти эса Батуми портидан трасса бўйлаб юрганда 70 км узоқликда жойлашган.